Ўқитувчилар Янги йил байрамига синфхонани безатиши мажбурийми?

Ўқитувчилар Янги йил байрамига синфхонани безатиши мажбурийми?

Одатда таълим муассасаларида Янги йил байрами тадбирларини қизиқарли ташкил этиш мақсадида ҳар йили Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан таълим ташкилотлари ҳудуди, биноси ҳамда синф хоналарини тартибга келтириш, таълим ташкилотлари ҳовлисидаги табиий арчани (мавжуд бўлса) ўқувчи ва тарбияланувчилар қўл меҳнати билан ясалган турли безаклар билан безатиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилади.

 

Шунингдек, таълим ташкилотлари фойеси, фаоллар ёки спорт залларини ўқувчи ва тарбияланувчилар қўл меҳнати билан ясалган турли безаклар билан безатиш, байрам тадбирларини таълим ташкилотлари ҳудудида қизиқарли тарзда ташкил этиш ва таълим муассасаси ҳудудини байрамона безатиш бўйича тавсиялар ҳам берилади.

 

Бунда Янги йил байрамини нишонлаш баҳонасида ўқувчилар ва педагог ходимлар томонидан ноқонуний пул йиғимларини ташкил этиш, Янги йил байрамини ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шохобчаларида ўтказиш, шунингдек, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари томонидан байрам муносабати билан таълим ташкилоти раҳбарияти ва педагог ходимларга турли хил совғалар тақдим этиш қатъиян тақиқланади.

 

Аммо, вазирлик томонидан бериладиган мазкур кўрсатмалар тавсиявий характерга эга бўлиб, таълим ташкилотлари педагог ходимларига ҳеч қандай мажбурият юкламайди.

 

Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2023 йил 27 июндаги 190-сонли буйруғи билан тасдиқланган синф раҳбарлари йўриқномасида ҳам уларга синфхоналарни безатиш бўйича мажбурият юкланмаган.

 

Шу сабабли, синф хоналарни янги йилга безатмаган синф раҳбарларига нисбатан ҳеч қандай жазо чоралари қўлланилмайди.

 

Аввалроқ, қишки таътил вақтида мактаб ўқитувчилари ишга келишга мажбур эмаслиги ҳақида хабар берган эдик.