2-курсда ўқиётган талаба ишлаши мумкин эмасми?

2-курсда ўқиётган талаба ишлаши мумкин эмасми?

Талабани ишлашига ҳеч қандай тақиқ йўқ. Бу ерда талабанинг нечанчи курсда ўқишини аҳамияти йўқ. Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг 9-сонли буйруғи билан тасдиқланган Олий таълим тўғрисидаги низомнинг 50-бандига мувофиқ, кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар ўқишдан бўш вақтларида ишлаши мумкин. Бундан келиб чиқадики, талабалар бемалол ишлашлари мумкин. Лекин меҳнат қонунчилигига кўра, талаба фақат таълимдан бўш вақтида ишлаш ҳуқуқига эга.

 

Фақат бир нарсага эътибор қаратиш керакки, қонунчилик ҳужжатларида алоҳида малака, билим ва кўникма талаб қиладиган соҳалар учун алоҳида талаблар мавжуд. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги 10-сон қарорига 1-илова «Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 7-1 бандига кўра, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга бўлмаган шахсларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига педагог сифатида тегишли лавозимларга ишга қабул қилишга йўл қўйилмайди.

 

Низомнинг 7-2 бандига кўра эса , олий таълим муассасаларининг педагогика йўналишларида кундузги, кечки, сиртқи бўлимларнинг 3-4-курсларида ўқиётган шахслар педагогик фаолиятни амалга ошириши мумкин ва уларга ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий таъриф ставкаси белгиланади.

 

Демак, агар шу соҳада талаба ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга бўлмаса, у ҳолда 3-курсдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолиятни амалга ошириши мумкин ва унга ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий таъриф ставкасида маош тўланади.

 

Агар шу соҳада талабанинг ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти бўлса, у ҳолда 2-курсдан ишлаши мумкин бўлади.

 

Лекин, алоҳида малака талаб қилмайдиган бошқа соҳаларда исталган курсдан бемалол ишлаш мумкин.