Бугун «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендия танлови суҳбат босқичининг сўнгги куни

Бугун «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендия танлови суҳбат босқичининг сўнгги куни

Аввалроқ, «Эл-юрт умиди» жамғармасининг 2025 йил 2-очиқ стипендия танлови доирасида Танлов комиссиясининг қарорига кўра, суҳбат босқичи жорий йилнинг 9–17 декабрь кунлари тасдиқланган жадвал асосида ўтказилиши белгилангани ҳақида хабар берилган эди.

 

Бугун — стипендия танлови учун суҳбат босқичининг сўнгги куни ҳисобланади.

 

Мазкур босқичга тавсия этилган номзодлар ва уларнинг суҳбат кунлари рўйхати ҳамда вақтлари билан ушбу ҲАВОЛА орқали танишишингиз мумкин.

 

Номзодлардан суҳбат жараёнига шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID-карта) билан белгиланган вақтда етиб келишлари сўралади.

 

Бугунги кунда иш ёки ўқиш мақсадида хорижда бўлиб турган номзодлар суҳбат босқичида ОНЛАЙН шаклда иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун улар Ф.И.Ш. ва хорижда эканлигини тасдиқловчи ҳужжатни илова қилган ҳолда,  @eyufadmissionbot Telegram ботига 7 декабрь соат 18:00 га қадар мурожаат юборишлари керак эди.

 

Ўзбекистон ҳудудида бўлган номзодлар суҳбатда фақат ОФЛАЙН шаклда иштирок этишлари шарт.

 

Суҳбат «Эл-юрт умиди» жамғармасининг истиқболли кадрларни хорижда мақсадли тайёрлашга қаратилган таълим дастурлари бўйича очиқ стипендия танловини ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМга мувофиқ ўтказилади.

 

Суҳбат учун белгиланган кунга келмаган номзодлар «суҳбатдан ўтмади» деб эътироф этилади.

 

Суҳбат жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси биносида ўтказилади.

 

Шунингдек, суҳбат босқичида онлайн тарзда иштирок этадиган номзодларнинг электрон почта манзилларига Zoom ҳаволаси юборилган.

 

Эслатма: белгиланган вақтда Zoom платформасига уланмаган номзодлар суҳбат босқичидан четлаштирилади.

 

Суҳбат босқичида иштирок этиш учун камерага эга компьютердан фойдаланиш талаб этилади.