Энди Малайзия ҳам 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи

Энди Малайзия ҳам 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи

Малайзия келгуси йилдан бошлаб 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчилар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни режалаштирмоқда. Бу орқали мамлакат болалар хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар сабабли рақамли платформаларга киришни чеклаётган давлатлар сафига қўшилмоқда.

 

Малазия Алоқа вазири Фаҳми Фадзил жорий йил 14 декабрь куни Австралия ва бошқа давлатларда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ёш чекловларини жорий этиш механизмларини ўрганаётганини айтди. У буни кибербуллинг, молиявий фирибгарлик ва болаларга нисбатан онлайн таҳдидлардан ёшларни ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлаган.

 

«Умид қиламизки, келгуси йилдан бошлаб ижтимоий тармоқ платформалари ҳукуматнинг 16 ёшгача бўлганларга фойдаланувчи аккаунтларини очишни тақиқлаш ҳақидаги қарорига риоя қилади», — деди у.

 

Австралияда эса келаси ой 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларга тегишли ижтимоий тармоқ аккаунтларини ўчириш режалаштирилган.

Таъкидаланишича, Франция, Испания, Италия, Дания ва Греция ҳам ёшни тасдиқлаш учун мўлжалланган махсус илова шаблонини биргаликда синовдан ўтказмоқда.

 

Шу билан бирга, Индонезия январь ойида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун минимал ёш белгилашни режалаштирганини билдирган, бироқ кейинчалик юмшоқроқ тартибни жорий этиб, технологик платформалардан салбий контентни фильтрлаш ва ёшни аниқлаш чораларини кучайтиришни талаб қилган.

 

Январь ойидан кучга кирадиган янги тартибга кўра, Малайзияда 8 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга бўлган платформалар ва хабар алмашиш хизматлари мажбурий лицензия олиши шарт.

 

Аввалроқ, Австралия 16 ёшгача бўлган болалар учун дунёда биринчи бўлиб ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлагани ҳақида хабар берган эдик.

 

Шундан сўнг, Дания ҳам ёшлар учун ижтимоий тармоқларга киришни кескин чеклашни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.