Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг «Алишер Навоий» романи озарбайжон тилида нашрдан чиқди. Бу ҳақда www.azadmedia.az сайтида эълон қилинди.
Озарбайжонлик олим, филология фанлари доктори, профессор Сейфаддин Рзасойнинг мазкур ахборот сайтида эълон қилинган мақоласида Алишер Навоийнинг туркий халқлар мумтоз адабиёти ва ижтимоий ҳаётида тутган юксак ўрни, шунингдек, «Алишер Навоий» романининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритилган.
Мақолада Алишер Навоий барча туркий халқларнинг тенгсиз ва барҳаёт сиймоси экани, Навоий тимсоли нафақат ўзбеклар, балки озарбайжон халқининг ҳам бадиий руҳини ифодалаши алоҳида таъкидлаб ўтилган.
«Роман бошидан охиригача миллий хотирага йўғрилган чақириқ, турклик руҳининг уйғониши, ўзликка қайтиш садоларидан иборат. Шу маънода, асарнинг бадиий тузилишини ташкил этувчи барча унсурлар (образлар, сюжет, эпизодлар, диалоглар, ғоялар…) бизга ўзбек инсони тимсолида туркий руҳнинг «достони»ни ҳикоя қилади.
Муаллиф бу руҳнинг турклик ва ислом орқали шаклланганини, туркий ўзликнинг барча маънавий-фалсафий салоҳияти ислом-турк руҳида жўшқинлик касб этганини ёрқин бадиий манзаралар билан акс эттиради», — деб ёзади Сейфаддин Рзасой ўз мақоласида.
«Алишер Навоий» романини Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг бош илмий ходими, филология фанлари доктори, доцент Ғолиб Сайилов озарбайжон тилига таржима қилган. «Фуюзат» нашриётида чоп этилган.
Маълумот учун, «Фуюзат» нашриёти 2024 йилда Исажон Султоннинг мазкур романини туркиялик таржимон, филология фанлари доктори Сема Эйнел таржимасида турк тилида ҳам нашр қилган эди.
Аввалроқ, «Ўткан кунлар» романи қирғиз тилида нашр қилинган ва корейс тилига таржима қилинган эди.
