Савол: Мен Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги мактабларнинг бирида математика ва информатика фанидан дарс бераман. Малака тоифам иккинчи. Саволим, менда математика фанидан халқаро сертификат бор ва мен шу Сертификат учун 50% устама олмоқдаман. Агар, мен математика фанидан миллий сертификат олсам, унга ҳам қўшилиб устама тўланадими?(50+20=70%)
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сонли Фармонинг 9-банди (г-кичик банди) га кўра, умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича тўланади.
Маълумот ўрнида: Бу ўқитувчига Сертификатларнинг фақат биттаси учун, яъни юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берувчи халқаро Сертификат учун 50% устама тўланади!
Лекин, бу норманинг қолган турдаги устамаларга умуман алоқаси йўқ, яъни ўқитувчи бир вақтда:
— 86 ва ундан юқори балл тўплаб олинган олий ёки биринчи тоифа учун бериладиган 70% лик устамани;
— Хорижий тиллар ва умумтаълим фанларини билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар Сертификат учун (50% ёки 20%) бериладиган устамаларни;
— Вазир жамғармасидан тўлаб бериладиган устамаларни (5,5*1271000);
— Директор жамғармасидан тўлаб бериладиган (40% гача);
— Олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагогларга тўлаб бериладиган устамаларни;
— Янги баҳолаш тизимини самарали жорий этган, таълим бериш йўналишида юқори кўрсаткичларга эришган ўқитувчиларга (40 %гача) тўлаб бериладиган ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа устамаларни олиши мумкин!
