Чет тилини билиш даражаси мураккаб вазифаларни бажаришдаги самарадорликка таъсир кўрсатади. У қанчалик юқори бўлса, одамлар ишчи хотирадан шунчалик самарали фойдаланади, диққатни яхшироқ жамлайди ва вазифалар ўртасида тезроқ алмашади.
Чет тилини яхши биладиган инсонлар ишчи хотира ва диққатни баҳоловчи тестларда иккинчи тилни пастроқ даражада биладиганларга нисбатан анча муваффақиятли натижа кўрсатади. Бу хулосага Норвегиянинг Тромсё университети, Италиядаги Vita-Salute San-Raffaele университети ҳамда Россиянинг Олий иқтисодиёт мактаби ҳузуридаги Когнитив нейрофанлар институти олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра келинган.
Компьютер ўйини шаклида ўтказилган тажрибада 18–34 ёш оралиғидаги, инглиз тилини ўрганаётган 45 нафар рус тилида сўзлашувчи кўнгилли иштирок этган. Олимлар иштирокчиларга ундош ҳарфларни — Б, Г, Ж, К, Л, М, П, Ф, Ч, Ш — кўрсатиб, агар экрандаги ҳарф аввалроқ кўрсатилган ҳарф билан мос келса, ўнг тугмани, мос келмаса, чап тугмани босишни сўрашган.
Тадқиқотчилар вазифаларнинг мураккаблик даражасини ўзгартириб боришган:
– энг содда, ноль даражада ҳарф блок бошида кўрсатилган ҳарфга мос келган ҳолатларни аниқлаш керак эди;
– биринчи даражада — олдинги босқичда кўрсатилган ҳарф билан мос келиши;
– энг мураккаб, учинчи даражада эса — уч қадам олдин кўрсатилган ҳарф билан мос келиши талаб қилинди.
Ҳар бир тест бир нечта кўрсаткичлар бўйича баҳоланган: жавоб бериш вақти, аниқлик ва тезлик билан аниқлик ўртасидаги нисбат. Шундан сўнг бу кўрсаткичларнинг инглиз тилини билиш даражаси, иккинчи тилни ўрганишни бошлаш ёши ва ундан фойдаланиш частотаси билан қандай боғлиқлиги таҳлил қилинган.
Натижаларни таҳлил қилиш жараёнида олимлар шуни аниқлашдики, содда вазифаларда (0–2-даражалар) барча иштирокчилар деярли бир хил даражада муваффақият кўрсатган. Бироқ мураккаб вазифаларни бажаришда инглиз тилини юқори даражада биладиган билингуалларда жавоб тезлиги ва аниқлигининг пасайиши камроқ бўлган. Иккинчи тилни яхши биладиган билингуаллар вазифа мураккаблашган тақдирда ҳам ишчи хотиранинг юқори самарадорлигини — ҳам тезлик, ҳам аниқлик жиҳатидан — сақлаб қолиши когнитив самарадорлик белгиси ҳисобланади. Яъни, бу мия мураккаб вазифаларни бажаришда камроқ ресурс сарфлаш қобилиятига эга эканини англатади.
«Когнитив самарадорлик» дегани — миянинг фикрлаш жараёнларини қанчалик самарали бажариши.
Тажриба шуни кўрсатдики, когнитив самарадорликка энг катта таъсир кўрсатувчи омил айнан иккинчи тилни билиш даражаси ҳисобланади. Иккинчи тилдан фойдаланиш частотаси ёки уни ўрганишни бошлаш ёши каби бошқа омиллар эса унчалик муҳим бўлиб чиқмаган. Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, бу билингвизмни бутун умр давомида мия фаолиятини машқ қилдириш учун фойдали восита сифатида кўришга асос бўлади.

