Айни вақтда нуфузли ва минтақавий халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг устозларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтмоқда.
Жараёнларни жонли эфир орқали кузатиш имконияти яратилган.
Унга кўра, ўзбекистонлик ёшлар халқаро илм-фан майдонида тарихий натижа қайд этиб, жорий йилнинг ўзида 210 та медални қўлга киритишган.
2025-йилда ўзбекистонлик ўқувчилар қатор хорижий давлатларда ўтказилган энг нуфузли халқаро олимпиадаларда 13 та медал (2 та олтин, 7 та кумуш ва 4 та бронза)ни қўлга киритган.
Хусусан:
– Бирлашган Араб Амирликларида 96 давлат иштирокида ўтказилган Халқаро кимё олимпиадасида — 2 та олтин, 2 та кумуш;
– Австралияда 105 давлат иштирокида ўтказилган Халқаро математика олимпиадасида — 4 та кумуш, 1 та бронза;
– Боливияда 90 дан ортиқ давлат иштирокида ўтказилган Халқаро информатика олимпиадасида — 1 та кумуш, 1 та бронза;
– Париж шаҳрида 96 та давлат иштирокида ўтказилган Халқаро физика олимпиадасида — 2 та бронза медаллари соҳиби бўлди.
Ўқувчилар халқаро ва минтақавий олимпиадаларда умумий 151 та медалга эга бўлишди. Хусусан:
– Иорданияда 62 та давлат иштирокида ўтказилган Халқаро инглиз тили олимпиадасида — 7 та кумуш (5 та кубок);
– Таиландда 50 та давлат иштирокида ўтказилган Халқаро география олимпиадасида — 2 та бронза;
– Боку шаҳрида 42 та давлат иштирокида ўтказилган Халқаро иқтисод олимпиадасида — 1 та кумуш, 1 та бронза, шунингдек, 14 та минтақавий олимпиадада умумий ҳисобда 138 та (27 та олтин, 41 та кумуш, 70 та бронза) медални қўлга киритди.
