Ижтимоий тармоқларда она тили ва адабиёт фанидан миллий сертификат имтиҳони саволлари сотилаётгани ҳақида аудиохабар тарқалди.
Унга кўра, ўқитувчи ўзи имтиҳонга тайёрлаётган ўқувчиларига ораларидан бирорта яхшироқ эслаб қоладигани у айтган манзилга бориб саволларни ёдлаб қолиши ва бошқаларга тарқатиши кераклигини айтган.
Ўқитувчининг айтишича, саволларнинг нархи бир киши учун 300 долларга тенг.
Ушбу ҳолат юзасидан Билимни баҳолаш агентлиги Talimxabarlari.uz жамоасига маълум қилдики, бу эски хабар ва бу бўйча расмий муносабат билдирилган.
2025 йил 11 ноябрда эълон қилинган ушбу муносабатга кўра:
Ижтимоий тармоқларда 2025 йил ноябрь ойида Миллий тест тизими доирасида она тили ва адабиёт фанидан бўлиб ўтган имтиҳон материалларининг имтиҳондан аввал тарқалганлиги ҳақида асоссиз хабарлар эълон қилинмоқда.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган саволлар ўқитувчилар томонидан шакллантирилган саволлар бўлиб, улар орасида аввалги имтиҳонларда фойдаланилган тест саволлари ҳам мавжуд бўлган. Бу тест вариантларининг эквивалентлигини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган ҳолат бўлиб, олдинги имтиҳондаги айрим тест топшириқлари кейинги имтиҳондаги тест варианти таркибига мақсадли тарзда киритилади.
Бадиий асарлар асосида шакллантириладиган тест топшириқлари ҳақида шуни таъкидлаш жоизки, Агентликнинг расмий сайтида мустақил ўқиш учун тавсия этиладиган 40 та бадиий асар рўйхати эълон қилинган. Тест вариантидаги адабиёт назарияси ва адабиёт тарихини билишга доир саволлар мазкур рўйхатдаги асарлар асосида шакллантирилади. Репетиторлик фаолияти билан шуғулланаётган ўқитувчилар эса ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларида турлича асарларни эҳтимолий асарлар сифатида эълон қилишди – айримлари қайсидир тўрт-бешта, айримлари бошқа уч-тўртта асар номини эълон қилди ва, табиийки, имтиҳон тест варианти таркибидаги тест топшириғи қайсидир бир тахмин қилинган асарлар билан мазмунан мос келган. Бу ҳолат тест материаллари олдиндан тарқатилганлигини англатмайди.
Ижтимоий тармоқларда ёзма иш мавзуларининг олдиндан ошкор қилинганлиги ҳақидаги хабарлар ҳам асоссиздир.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган эссе мавзуларининг имтиҳон саволлари билан мувофиқлиги агентлик томонидан ўрганиб чиқилди. Таҳлил жараёнида мазкур ҳолат турли омиллар таъсирида юзага келганлиги маълум бўлди. Хусусан, имтиҳон жараёнларида эссе мавзулари сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этаётган, омма эътиборида бўлган, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган, тарихий аҳамиятга эга бўлган, талабгорлар оммасига бирдек таниш, долзарб ва қизиқарли мавзулар танланмоқда. Талабгор учун нотаниш мавзу унинг тилни билишга оид билимларини аниқлашга хизмат қилмаслиги мумкин. Ижтимоий тармоқларда имтиҳон арафасида тахминий мавзулар сифатида юзлаб мавзулар эълон қилина бошлади.
Айрим мавзулар имтиҳондаги ёзма иш мавзулари мазмун доирасида бўлсада, муҳокама объекти айнан бир хил эмас. Масалан, ижтимоий тармоқларда тахмин сифатида эълон қилинган мавзулардан бири алифбо ва имло ислоҳоти ҳақида, имтиҳонда ёзма иш топшириғи сифатида тақдим этилган мавзу эса имловий саводхонлик ва ақлий салоҳият ўртасидаги боғлиқлик борасида эди. Талабгорларнинг имтиҳон топшириғи мазмунига диққат қаратмаганликлари оқибатида ижтимоий тармоқлардаги олдиндан муҳокама қилинган мавзуга мос эссе ёзиб чиққанлиги эса ёзма иш мавзусининг олдиндан тарқатилганлиги ҳақидаги шубҳаларнинг пайдо бўлиши, қолаверса, кўплаб ёзма ишларнинг «мавзуга мос бўлмаган» иш сифатида баҳоланишига сабаб бўлмоқда. Талабгорларнинг ёзма ишларини баҳолаш давом этмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ўз фаолиятини амалга оширишда холислик, адолат ва шаффофлик тамойилларига содиқдир.
128