Агар тарбиячи узлуксиз 6 ойдан кўп ушбу лавозимда ишлаётган бўлса, декрет пули тўланиши керак.
Меҳнат кодексининг 404-моддасига асосан аёлга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.
Айнан мана шу қоидага кўра сиз ҳомиладорлик ва туғиш таътили ва у учун нафақа олишингиз мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022–йил 20 сентябрдаги 515–сонли қарори хусусий секторда ишлайдиган аёл ходимларга ҳомиладорлик ва туғруқ нафақасини олиш имкониятини ошириш ва енгиллик яратиш мақсадида қабул қилинган.
Ушбу қарорга асосан белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси нафақани тайинлаш ва тўлаш учун асос бўлади.
Нафақа миқдор қанча?
Нафақа ходимнинг фарзанди туғилгунига қадар минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдорида тўланади. Табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимларга нафақа тайинлашда туман коэффициенти қўлланилмайди.
Маълумот учун Ўзбекистонда 2025 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 669 минг сўмни ташкил этди.
Нафақа тайинлаш тартиби қандай?
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида ундаги маълумотлар ҳудудий амбулатор-поликлиниканинг ёки туғруқхона муассасасининг масъул ходими томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Тиббиёт» ахборот тизимига киритилади.
Киритилган барча маълумотлар «Электрон Ҳукумат АТ» томонидан текширилади.
Бунда ходимнинг охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажи ҳисобга олинади. Нафақа бўйича тўловлар белгиланган тартибда «Халқ банки» орқали амалга оширилади.
Аввалроқ, икки ой ишлаб декретга чиққан педагогга қанча декрет пули тўланиши ҳақида хабар берган эдик.
