Мактаб ёшидаги болаларнинг тўғри овқатланишида нималарга эътибор бериш зарур?

Мактаб ёшидаги болаларнинг тўғри овқатланишида нималарга эътибор бериш зарур?

Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (СанПиН)га мувофиқ, болаларнинг овқатланиши уларнинг жисмоний ривожланиши, ақлий фаоллиги, дарсларда диққат эътиборини жамлаши ва иммунитетини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Тўғри ташкил этилган овқатланиш нафақат соғлом бўлишига, балки турли юқумли ва сурункали касалликларнинг олдини олишга ҳам ёрдам беради.

 

Асосий тамойиллар:

 

— Хилма-хиллик – Боланинг ҳафталик рационида гўшт (мол, товуқ, балиқ), сут ва сут маҳсулотлари, сабзавот, мева, дон маҳсулотлари ҳамда дуккаклилар мунтазам бўлиши керак.

 

— Балансланганлик – Оқсил, ёғ ва углеводлар организм эҳтиёжига мос миқдорда бўлиши шарт. Масалан, оқсил манбалари (гўшт, тухум, сут), фойдали ёғлар (ўсимлик мойи, ёнғоқ), секин ҳазм бўладиган углеводлар (нон, ёрма, картошка).

 

— Витамин ва минераллар – Айниқса темир, кальций, Д витамини ва Б гуруҳи витаминлари болалар учун зарур. Бу суякларнинг соғлом ўсиши ва қон таркибининг тўғри шаклланишига ёрдам беради.

 

— Тозаликка риоя қилиш – СанПиН талабларига кўра, мактаб ошхоналарида маҳсулотларни сақлаш, тайёрлаш ва тақдим этишда гигиена қоидалари қатъий амал қилиниши лозим.

 

— Овқатланиш режими – Болалар камида 4 маҳал овқатланиши керак.

 

Ҳаддан ташқари туз ва ёғли таомлар, газли ичимликлар, чипс, фаст-фуд, ортиқча шакарли маҳсулотларни чеклаш зарур. Чунки, ширин ва газланган ичимликлар уларнинг соғлиғига зарар етказади.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан болалар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида мактаб ошхоналарида бир қатор маҳсулотларнинг тайёрланиши ва сотилиши тақиқланган.

 

Тақиқланган маҳсулотлар орасида кенг тарқалган гамбургер, чизбургер, ҳот-дог, чипс, газланган ичимликлар, ва энергетик ичимликлар каби маҳсулотлар бор. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу турдаги маҳсулотларни кундалик таомномадан чиқаришни тавсия қилади. ССВ томонидан эълон қилинган рўйхатга кўра, ушбу маҳсулотлар Ўзбекистон мактабларидаги ошхоналарда сотилиши тақиқланган.