Бокуда 8 нафар ўқувчи сақичдан заҳарланди

Бокуда 8 нафар ўқувчи сақичдан заҳарланди

Озарбайжонда 8 нафар ўқувчи сақичдан заҳарланди. Бу ҳақда oxu.az нашри хабар берди.

 

Боку шаҳрининг 14-сонли ўрта мактабида 11 декабрь куни саккиз нафар ўқувчи бирданига соғлигида муаммо сезиб, тез ёрдамга мурожаат қилган. Болаларда кўнгил айниши, ҳолсизлик, лабларнинг шишиши, терида тошма ва томоқда ачишиш каби белгилар кузатилган.

 

Мактаб маъмуриятининг маълум қилишича, ўқувчилар ўзини ёмон ҳис қилиши биланоқ тез ёрдам чақирилган. Беш нафар ўқувчи А.Ф. Гараев номидаги болалар клиник шифохонасига, яна уч нафари Нармонов юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

 

Шошилинч тиббий ёрдам хизмати хабарига кўра, болалардан бирида юқори нафас йўллари инфекцияси, қолган етти нафарида эса ўткир гастрит аниқланган. Зарур муолажалардан сўнг барча беморларга уйига жавоб берилган.

 

Дастлабки текширувлар ҳодисага ўқувчилардан бири йўлда сотиб олиб, синфдошларига улашган сақич сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Озиқ-овқат бўйича эксперт Мубариз Велиэвнинг таъкидлашича, кўрилган белгилар заҳарланишдан кўра, кўпроқ аллергик реакцияга ўхшайди.

 

Озарбайжон Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги (АПХА) ҳодиса юзасидан тегишли идоралар билан биргаликда текширув бошлаб, жараён назорат остига олинганини маълум қилган.

 

Ўқувчиларнинг ҳозирги аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.

 

Аввалроқ, Австралия ва Янги Зеландияда мактаблар ўйингоҳ қумида заҳарли модда топилгани боис ёпилгани ҳақида хабар берган эдик.