Болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган тарбиячи билан меҳнат шартномаси бекор қилинди

Болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган тарбиячи билан меҳнат шартномаси бекор қилинди

Ижтимоий тармоқларда Бухоро туманида давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган «Кобдин ғунчалари» мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси томонидан тарбияланувчиларга нисбатан қўпол муносабат акс этган видеолавҳа тарқалди.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан расмий муносабат билдирилди. Унга кўра, вазият белгиланган тартибда ўрганиб чиқилган.

 

Ўрганиш жараёнида воқеа жорий йилнинг 10 декабрь куни тарбиячи Н.С томонидан машғулот вақтида содир бўлганлиги аниқланган.

 

Маълум бўлишича, тарбиячининг хизмат вазифасини бажаришда қўпол хатти-ҳаракатларга йўл қўйганлиги сабабли у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, ташкилот педагогик жамоаси ўртасида бола билан муомалада педагогик этика, маданият ва касбий талабларнинг сўзсиз бажарилиши бўйича қўшимча тушунтириш ишлари олиб борилган.

 

Маълумот ўрнида, мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тегишли бандларига кўра:

 

– нодавлат мактабгача таълим ташкилотида санитария қоидалари, гигиена талабларига қатъий риоя қилиш;

– ташкилотни малакали педагогик ва бошқа кадрлар билан таъминлаш, ўқув-тарбия жараёнини амалдаги қонунчиликка мувофиқ ташкил этиш;

– тарбиялаш ва ўқитиш сифатини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ташкилот зиммасига мажбурият сифатида юкланган.

Агар ушбу талаблар бир неча маротаба бузилса ёки аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича давлат шеригининг ёзма кўрсатмалари бажарилмаса, битимга мувофиқ, давлат шериги томонидан шериклик битими бир томонлама бекор қилиниши белгиланган.

 

Аввалроқ, давлат-хусусий шериклик асосида боғча очиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилиниши ҳақида хабар берган эдик.