Жорий йилда нуфузли ва халқаро минтақавий олимпиадаларда Ўзбекистон терма жамоаси энг яхши натижани қайд этди.
Хусусан, халқаро кимё олимпиадасида 2 та олтин ва халқаро информатика олимпиадасида илк кумуш медални қўлга киритишди.
2025 йил август ойидан эътиборан нуфузли фан олимпиадаларида олтин медалга эга бўлган ўқувчилар 1 030 000 000 сўм, мазкур олимпиадаларда олтин медаль олган ҳар бир ўқувчиси учун устози 185 400 000 сўм билан тақдирланади.
Далер Раҳимов халқаро олимпиадалардаги илк иштирокини эслаб, шундай дейди:
Биринчи марта халқаро олимпиадаларда иштирок этишни 8-синфимда бошлаганман. Афсуски, ҳозиргидай бу кунни эслай оламанки, бу олимпиадада медаль ололмаганман. Аммо, бу муваффақиятсизлик мен учун катта дарс бўлган.
Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси Моҳира Болтаева ўз ўқувчиларининг ютуқлари ҳақида гапирар экан, ҳозирги кунга қадар уларнинг халқаро олимпиадаларда 20 дан ортиқ медалларни қўлга киритганини ва ҳар сафар уларнинг муваффақиятини кўрса, ўзи медаль олгандек қувонишини таъкидлайди.
Беҳруз Элмуродов эса ёшлик хотираларини эслаб, шундай дейди:
Мен Миришкор туманидаги чекка қишлоқда ўсганман. Ўша ердаги мактабда 11-синфгача ўқиганман. Бошланғич синфда ўқиб юрган пайтларим мактабимиз директори хонамизга кирди ва мактабимиздаги ўқувчилар республика олимпиадасида ҳам ўрин олмоқда. Агарда, қайсидир ўқувчим халқаро олимпиададан медаль олса, армоним қолмасди деганлар. Ҳозирги кунда халқаро олимпиадада отин медалим бор ва нуфузли математика олимпиадасида кумуш медални қўлга киритдим. Энди директоримизнинг армони қолмади.
Информатика бўйича Ўзбекистон тарихида илк кумуш медални қўлга киритган Асилбек Суннатов, кунига 10–15 соат масалалар ечиб, алгоритмлар ўрганиб ва ўз устида тинимсиз ишлаганлиги боис, 2025 йилда Боливияда бўлиб ўтган Халқаро информатика олимпиадасида ушбу тарихий натижага эришганини таъкидлайди.
Миржаҳон Муҳаммадов эса халқаро фан олимпиадаларида иштирок этишнинг яна бир жиҳатига эътибор қаратиб, шундай таъкидлайди:
Халқаро олимпиадаларда қатнашиб биз нафақат билимимизни синаймиз, балки, бу сабаб бой ҳам бўлябмиз. Ўтган йили қарийб 80 млн пул мукофотини қўлга киритган бўлсам, бу йилда эса 1 млрд зиёдни ташкил қилмоқда. Мен аввал бу нарсани тасаввур ҳам қилиб кўрмаганман. Шу пайтгача нимага эришган бўлсам, бу билим ва устозларим меҳнати сабаб эришдим.
