Уч ёшга тўлмаган ёш боласи бўлган аёл ўқитувчилар онлайн малака ошириши мумкин

Уч ёшга тўлмаган ёш боласи бўлган аёл ўқитувчилар онлайн малака ошириши мумкин

Ҳукуматнинг 2024 йил 24 декабрдаги 867-сон қарорининг 27-бандига кўра, мустақил таълим орқали касбий маҳоратни ошириш — педагог ва мутахассис ходимлар томонидан ўз лавозими ва мутахассислиги бўйича мустақил равишда янги билимларни ўзлаштириш, малака, кўникма ва компетенцияларни шакллантиришни назарда тутади.

 

Уч ёшга тўлмаган ёш боласи бўлган аёллар, пенсия ёшидагилар ҳамда ногиронлиги бўлган педагог ва мутахассис ходимлар мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари педагогик кенгашларининг қарори ҳамда ўз аризасига мувофиқ электрон платформа орқали мустақил малака ошириши мумкин.

 

Бунда:

 

– касбий ривожлантириш таълим ташкилоти мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари педагогик кенгашларининг қарори ҳамда педагог ва мутахассис ходимларнинг аризаси асосида тингловчининг мустақил малака ошириши бўйича тегишли буйруқни расмийлаштиради;

 

– мустақил малака ошириши белгиланган тингловчиларнинг якуний аттестацияси Касбий ривожлантириш таълим ташкилотида тузилган комиссия томонидан бевосита ташкил этилади. Уларнинг оралиқ назоратлари электрон платформа орқали ташкил этилади;

 

– мустақил таълим шаклидаги малака ошириш курси дастурини тўлиқ ўзлаштирган ва якуний аттестацияда ижобий баҳоланган тингловчиларга белгиланган тартибда сертификат берилади.