Кўпчилик педагоглар дарс тақсимоти фақат ўқув йили бошида, яъни сентябрь ойида бир марта қилинади ва йил охиригача ўзгармайди, деган фикрда юрадилар. Аслида эса вазият бошқача ва бундан ўз фойдангизга фойдаланишингиз мумкин.
Агар ўқув йили давомида (масалан, ноябрь ёки декабрь ойларида) малака тоифангиз кўтарилган бўлса, сиз янги йилдан бошлаб кўпроқ дарс соати талаб қилишга ҳақлисиз.
Тартиб қандай ишлайди?
Мактабларда дарс соатлари махсус низомга асосан устуворлик тамойили бўйича тақсимланади. Яъни, кимнинг кўрсаткичлари (тоифаси, ютуқлари) юқори бўлса, ўша ўқитувчига максимал соат берилиши керак.
Гарчи асосий тақсимот 15 сентябргача якунлансада, қонунчилик педагогик кенгашга дарс соатларини қайта кўриб чиқиш ваколатини беради. Демак, сиз янги тоифа олганингиздан сўнг, мактаб маъмуриятига мурожаат қилишингиз ва январь ойида педкенгаш қарори билан юкламангизни оширишларини сўрашингиз мумкин.
Келинг, мисол билан кўриб чиқамиз: мактабда она тили фанидан икки ўқитувчи бор: Зулфия опа – Олий тоифали (20 соат дарси бор). Насиба опа – Биринчи тоифали (14 соат дарси бор). Насиба опа декабрь ойида аттестациядан ўтиб, Олий тоифа олди. Энди у ҳам худди Зулфия опа каби юқори салоҳиятга эга кадр ҳисобланади.
Бу ҳолатда декабрь ойида педагогик кенгаш чақирилади. Зулфия ва Насиба опаларнинг кўрсаткичлари энди тенг бўлгани сабабли, мавжуд умумий дарс соатлари уларнинг ўртасида тенг бўлинади. Натижада, Насиба опанинг дарс соатлари кўпайиб, иккала ўқитувчига ҳам максимал даражада бир хил (масалан, 17-18 соатдан) дарс юкламаси белгиланиши мумкин.
Асос: «Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги низом, 15-банд.
Аввалроқ, энди мактабларда дарслар қайси мезон асосида тақсимланиши ҳақида хабар берган эдик.
