Жорий йил 9 декабрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамкорлигида «Келажак мактаби» мавзусига бағишланган семинар ўтказилди.
Маълум бўлишича, мазкур семинарда Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Ҳилола Умарова жамоаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев, вазирлик ходимлари ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар, вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар, алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар иштирок этган.
Семинарда Ўзбекистондаги таълим муассасаларининг ҳозирги инфратузилмаси, таълим сифатига бевосита таъсир қилаётган омиллар, шу жумладан хавфли ҳожатхоналар, тор йўлаклар, ўқитувчилар ва юқори синф ўқувчилари учун қулай жойларнинг етишмаслиги ҳамда мактабларни иситиш масаласи муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, Республикадаги мактабларнинг:
– 52 фоизи мажлислар залига эга эмас;
– 56 фоизида ошхона мавжуд эмас;
– 95 фоизида ҳожатхоналар ташқарида жойлашган;
– 274 та мактаб қўлбола печь («буржуйка») билан иситилади;
– 79 фоизи иситиш учун кўмирдан фойдаланади;
– 88 фоизи канализацияга эга эмас;
– 48 фоизи марказлашган сув таъминотига эга эмас;
– 44 фоизида ногиронлиги бўлган болалар учун асосий шарт-шароитлар мавжуд эмас.
«Буджетлар доимий оптималлаштирилаётган шароитда мактаб лойиҳаларидан кўпинча жуда зарур элементлар — бино ичидаги ҳожатхоналар, фаоллар зали, спорт заллари — олиб ташланиб, фақат синфхоналар қолдирилади. Буни мактабларни лойиҳалаш жараёнида қайта кўриб чиқиш шартʼʼ, — дейди Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги масъул ходими Азиза Умарова.
Ўтган йили УНИCЭФ ва Болалар омбудсмани Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар ҳолати бўйича янги таҳлил натижаларини эълон қилганди. Унда болалар ҳаётига таъсир кўрсатувчи ҳудудий ва глобал муаммоларни кўрсатилиб, болаларнинг таълим олиш имконияти ҳамда таълим билан қамраб олинганлик даражаси ҳақида статистик маълумотлар очиқланган эди.
Таҳлилларда таълим муассасаларидаги инфратузилмавий муаммолар ўқувчилар давоматига ҳам таъсир қилганини акс этган.
Масалан, 15-49 ёшдаги аёлларнинг салмоқли қисми ҳайз пайтида тегишли парвариш воситаларидан фойдалансада, аёлларнинг 7 фоизи 2024 йилнинг сўнгги 12 ойи ичида ҳайз кўрган пайтда ижтимоий фаолият билан шуғулланмаган, ишламаган ёки мактабда ўқимаган, бу кўрсаткич 15-19 ёшдаги ўсмир қизлар (8 фоиз), ўрта маълумотли аёллар (9 фоиз) ва энг камбағал уй хўжаликлари (12 фоиз) орасида юқори бўлган.
Мактабларда сув таъминоти, санитария шароитлари ва гигиена билан боғлиқ вазият ўқувчиларнинг саломатлиги ва давоматига сезиларли таъсир кўрсатган. Сўнгги беш йил ичида 0 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларда юқумли ва паразитар касалликлар билан касалланиш кўпайган.
МИCС маълумотларига кўра, қишлоқдаги ҳар 14 аёл ва қиз бола ҳайз кўриш пайтида ишга ёки мактабга бормайди, камбағал оилаларда бу кўрсаткич бундан ҳам юқори бўлиб, ҳар саккизтадан бирини ташкил этади.
Ўзбекистонда умумтаълим мактабларининг 78 фоиздан ортиғи фақат битта ишлайдиган ҳожатхона хонасига эга (ўртача 2-3 ўринли). Хизматларнинг Қўшма мониторинг дастури (ҚМД) шкаласи таснифига кўра, мактабларнинг 57 фоизи фақат чекланган санитария-гигиена хизматларига эга, яна 23 фоизида эса бу хизматлар деярли йўқ.
Мактабларнинг 2 фоизи хизмат мавжудлиги бўйича илғорлар тоифасига кирса, яна 10 фоизи базавий хизматларга эга бўлганлар тоифасига киради. ҚМД таснифига кўра, мактабда бутун ўқиш давомида мавжуд бўлган яхшиланган манбадан олинган ичимлик сувининг мавжудлиги «базавий хизматлар» деб ҳисобланади, мактабда битта жинс томонидан фойдаланиши учун мўлжалланган (мавжуд, ишлайдиган ва ёпиқ) яхшиланган санитария-гигиена шароитлари эса «базавий хизматлар» деб ҳисобланади.
2024 йилда ўтказилган мактабларнинг ўз-ўзини баҳолаш таҳлиллари шуни кўрсатганки, ичимлик суви билан таъминлаш базавий хизматлари шаҳар мактабларининг 83 фоизида, қишлоқ мактабларининг 71 фоизида ва чекка ҳудудлардаги мактабларнинг 64 фоизида мавжуд бўлган.
Бироқ, ҳар ўнинчи мактабда фақат базавий санитария-гигиена хизматлари мавжуд (шаҳар мактабларининг 21 фоизи, қишлоқ мактабларининг 6 фоизи ва чекка ҳудудлардаги мактабларнинг 12 фоизи).
Умуман олганда, бутун мамлакат бўйлаб биринчи сменада ҳар 168 ўқувчига ва иккинчи ўқув сменада ҳар 84 ўқувчига битта қўл ювиш ускунаси тўғри келади.
Шахсий гигиена воситаларининг етишмаслиги, айниқса қизлар учун, давоматга салбий таъсир қилган. Мамлакатдаги умумий ўрта мактабларнинг тахминан 13 фоизи ҳали ҳам лозим сув таъминотига эга бўлмаган. Мактабларнинг 3 фоизида сув қувурлари мавжуд эмас, яна 3 фоизи ҳимояланмаган қудуқлар ёки ариқлардан, 8 фоизи эса артезиан булоқларидан ҳимояланмаган сувдан фойдаланади.
Маълумотлар Ўзбекистондаги шаҳар ва қишлоқ ўқув муассасалари ўртасида сезиларли фарқлар мавжудлигини кўрсатган. Бу фарқ шуни англатадики, қишлоқ ўқувчиларининг катта қисми мактабда хавфсиз ичимлик сувидан ишончли фойдаланиш имкониятига эга эмас.
Санитария шароитларида ҳам шунга ўхшаш бўшлиқ кузатилмоқда, шаҳар мактабларининг 86 фоизи, қишлоқ жойларида эса атиги 63 фоизи базавий санитария шароитларига эга. Қишлоқ мактабларида тегишли санитария шароитларининг етишмаслиги, айниқса, тегишли шароитлар йўқлиги сабабли ҳайз пайтида уйда қолиши мумкин бўлган қизлар учун давоматнинг пасайишига олиб келиши мумкин.


