Меҳнат кодексининг 432-моддасига мувофиқ, шахснинг асосий иш жойида иш вақтидан бўш бўлган ҳолатда бошқа жойда ишлаши ўриндошлик ҳисобланади.
Бунда ходим асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтидагина ўриндошликда ишлаши мумкин. Мана шу қоидага кўра, ходим асосий 0.5 ставка МТТ директори ўринбосари лавозимидан ташқари 0.5 ставка ички ўриндошлик асосида тарбиячи лавозимида ишлашга ҳақли.
Шунингдек, ўриндошликда ишлашнинг максимал меъёрлари белгиланган. Ушбу кодекс 437-моддасига мувофиқ, ўриндошлик асосида ишлаш чоғида ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Шунга кўра, ўриндош жами асосий иш жойида кунлик иш вақтини тўлиқ бажаргандан сўнг 0.5 ставка ишлаши мумкин холос.
Демак, ходим иш вақти оралиғида асосий иш жойида бўлиши ва мазкур соатлар тугагандан сўнг бемалол ўриндошликда ишлашга ҳақли.
Аввалроқ, иккита таълим муассасасида фаолият юритадиган ходим ўриндош сифатидаги иш жойидан ҳам декрет пули олиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
