Давлат олий таълим муассасалари талабаларига тўлов-контракт шартномасини олиш жараёнини янада қулайлаштириш мақсадида my.gov.uz порталида янги хизмат ишга туширилди.
Таълим эксперти Зафаршоҳ Амирқуловнинг маълум қилишича, эндиликда талабалар тўлов-контракт шартномасини олиш учун онлайн ариза юборишлари мумкин.
Хизматдан фойдаланиш учун:
– my.gov.uz да рўйхатдан ва/ёки авторизациядан ўтилади;
– «Давлат олий таълим муассасалари талабалари учун тўлов-контракт шартномаларини олиш» хизмати танланади;
– керакли майдонлар сўралган маълумотлар билан тўлдирилиб, ариза электрон тарзда юборилади.
Юборилган аризалар олий таълим муассасалари томонидан 5 иш куни ичида кўриб чиқилади ва шартнома шакллантирилади.
Шакллантирилган тўлов-контракт шартномаларини my.gov.uz портали орқали онлайн юклаб олиш имконияти мавжуд.
Шунингдек, тўлов-контракт шартномасини олиш учун kontrakt.edu.uz платформаси орқали ҳам ариза юбориш мумкин.
Аввалроқ, талабалар учун ижара тўловининг бир қисмини қоплаб берилиши учун ариза юбориш хизмати ишга туширилгани ҳақида хабар берилган эди.
