Австралия дунёда биринчи бўлиб 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни қонун даражасида тақиқлади.
Янги қоидаларга биноан, платформалар маъмурияти австралиялик ўсмирларнинг барча аккаунтларини ўчириб ташлаши, шунингдек, уларнинг янги аккаунт очмаслигини назорат қилиши шарт. Ушбу талабларни бажармаслик 33 миллион долларгача жарима билан жазолананиши мумкин.
Бу қарор кўплаб ота-оналар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан ижобий фикр билдирилди, бироқ йирик технологик компаниялар ва сўз эркинлиги фаоллари томонидан танқид қилинди.
Янги қонунга кўра, жорий йил 10 декабрь соат 00:00 дан бошлаб (GМТ бўйича сешанба 13:00) TikTok, Alphabet га қарашли YouTube, Меtа га қарашли Instagram ва Facebook ҳамда яна 10 та йирик платформа 16 ёшгача бўлган болаларнинг сайтга киришини тўсиши шарт. Акс ҳолда компаниялар 49,5 миллион австралия доллари (33 миллион АҚШ доллари)гача жаримага тортилиши мумкин. Бу жараён бутун дунё регуляторлари томонидан диққат билан кузатилмоқда.
Бош вазир Энтони Албанес бу кунни «оилалар учун фахрли кун» деб атаб, ушбу қонунни анъанавий ҳимоя механизмларидан тезроқ кенгайиб бораётган онлайн хавфларни жиловлаш мумкинлигининг исботи сифатида таъкидлади.
«Бу улкан ўзгариш бўлади. Бу миллатимиз дуч келган энг катта ижтимоий ва маданий ўзгаришлардан биридир. Бу чуқур ислоҳот бўлиб, унинг акс-садоси бутун дунёга ёйилади», — деди Албанесе матбуот анжуманида.
Ёзги таътил бошланиши арафасида Албанесе видео мурожаат орқали болаларни «янги спорт турини синаб кўришга, янги мусиқа асбобини ўрганишга ёки жавонингизда анчадан бери туриб қолган китобни ўқишга» чақирди.
Чекловлар энг машҳур 10 та платформага, жумладан Twitch, TikTok ва YouTube га таъсир қилади, аммо келажакда рўйхат қайта кўриб чиқилиши мумкин.
