Кунига 3 соатдан ортиқ вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказадиган ўсмирлар хотира, диққатни жамлаш ва луғат бойлиги бўйича тестлардан ёмонроқ натижа кўрсатади. Бу хулосага америкалик олимлар мактаб ўқувчиларининг когнитив қобилиятларига бағишланган кенг қамровли тадқиқот давомида келишди.
Ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилар интеллектига таъсири ҳақидаги савол анчадан бери муҳокама қилиниб келмоқда, бироқ илмий маълумотлар ҳануз қарама-қарши. Янги фикр-мулоҳазалар учун асос бўладиган маълумотни АҚШнинг Сан-Франсискодаги Калифорния университети олимлари олиб борган тадқиқот тақдим этади. Улар ижтимоий тармоқларда сарфланган вақт миқдорининг ўсмирларнинг когнитив қобилиятлари (мантиқий фикрлаш) билан қандай боғлиқлигини ўрганди.
Олимлар 9–13 ёшдаги 6 554 нафар болаларнинг кўрсаткичларини таҳлил қилишди. Улар «Ўсмирларнинг мия ривожланиши ва когнитив тараққиёти» номли миллий тадқиқот дастурига киритилган. Тадқиқот иштирокчилари вақт ўтиши билан ижтимоий тармоқдан фойдаланиш даражаси қандай ўзгарганига қараб уч гуруҳга бўлинди. Агар 9–10 ёшларида деярли барча болалар ижтимоий тармоқларга кунига атиги ярим соат ажратган бўлса, 13 ёшга келиб:
– 57,6% ҳали ҳам улардан деярли фойдаланмаган (кунига 20 дақиқадан кўп бўлмаган);
– 36,6% ижтимоий тармоқларда кунига 1 соат 20 дақиқагача вақт ўтказадиган бўлган;
– 5,8% эса тармоқларда кунига уч соатдан ортиқ вақт сарфлай бошлаган.
Икки йил давомида мутахассислар иштирокчиларнинг диққатни жамлаш, хотира, овоз чиқариб ўқиш, маълумотни қайта ишлаш тезлиги ва луғат бойлиги бўйича тест натижаларини кузатиб борди ва кейин бу кўрсаткичларни таққослади.
Тадқиқот натижаларига кўра, ижтимоий тармоқларда энг фаол бўлган ўсмирлар энг паст балларни тўплашган. Айниқса хотира ва луғат бойлиги бўйича тестларда гуруҳлар ўртасидаги фарқ энг яққол намоён бўлган. Ижтимоий тармоқлардан деярли фойдаланмаган болалар эса бошқа икки гуруҳга нисбатан ўртача яхшироқ натижаларни кўрсатган.
Тадқиқот муаллифлари шуни қайд этадики: гуруҳлар ўртасидаги фарқлар статистик жиҳатдан ишончли бўлсада, улар стандарт оғиш билан солиштирганда унчалик катта эмас. Шунингдек, олинган маълумотлар фақат корреляцияни кўрсатади, аммо сабаб-оқибат муносабатини исботламайди. Аввалги тадқиқотлардан бирида шундай фараз илгари сурилганки, ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланадиган ўсмирлар ўқишга камроқ вақт ажратиши мумкин.
Шунга қарамай, мутахассисларнинг фикрича, уларнинг хулосалари амалий аҳамиятга эга бўлиши мумкин: ижтимоий тармоқлардан юқори даражада фойдаланиш билан когнитив функциялар ўртасидаги заиф, аммо барқарор боғлиқлик болаларнинг ижтимоий платформаларга киришини чеклаш фойдасига далилларни кучайтиради.

