Британия университетларидан бирида ChatGPT талабаларни 2 йил давомида ўқитган

Британия университетларидан бирида ChatGPT талабаларни 2 йил давомида ўқитган

Буюк Британиянинг Стаффордшир университетида ўқитувчи икки йил давомида дарс материалларини тайёрлашни тўлиқ сунъий интеллектга юклаб қўйгани ва уларни таҳрир қилмагани маълум бўлди.

 

Талабалар сифатсиз таълимдан шикоят қилган бўлсада, университет маъмурияти ўқитувчини оқлаган. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.

 

Бир дақиқада 3 хил акцент

 

Можаро талабалар дарс материаллари ғалати эканини пайқаб қолишгач бошланган. Маълум бўлишича, ўқитувчи талабаларни рақамли воситалар билан таништириши керак бўлган, бироқ у ўз ишини бутунлай нейротармоқларга топширган.

 

Талабалар қуйидаги қўпол хатоларни аниқлашган:

 

– тақдимот (презентация)га ёзилган аудио-шарҳда «ўқитувчи»нинг овози бир дақиқа ичида уч хил акцентда гапирган;

 

– дарслар Британияда ўтилишига қарамай, сунъий интеллект тайёрлаган матнларда Британия қонунлари ўрнига АҚШ қонунчилигига ҳаволалар келтирилган.

 

Университет реакцияси: «Бу нормал ҳолат»

 

Энг қизиғи, талабалар 2024 йилнинг октябрь ойидан бошлаб ўқитувчи ва маъмуриятга шикоят қилишган, аммо уларнинг эътирозлари инобатга олинмаган.

 

Университет The Guardian нашрига берган расмий изоҳида ўқитувчини ҳимоя қилган:

 

«Сунъий интеллект ушбу курсда фақат ўқув контентини тайёрлашда ёрдамчи восита сифатида ишлатилган ва у эксперт-ўқитувчиларнинг ўрнини босмаган», — дейилади баёнотда.

 

Маълум бўлишича, университет ички қоидалари ўқитувчиларга ишни автоматлаштириш учун нейротармоқлардан фойдаланишга рухсат беради.