«Эл-юрт умиди» жамғармасининг 2025 йил 2-очиқ стипендия танлови доирасида Танлов комиссиясининг қарорига кўра, суҳбат босқичи жорий йилнинг 9–17 декабрь кунлари тасдиқланган жадвал асосида ўтказилиши белгиланди.
Мазкур босқичга тавсия этилган номзодлар ва уларнинг суҳбат кунлари рўйхати ҳамда вақтлари билан ушбу ҲАВОЛА орқали танишишингиз мумкин.
Номзодлардан суҳбат жараёнига шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID-карта) билан белгиланган вақтда етиб келишлари сўралади.
Бугунги кунда иш ёки ўқиш мақсадида хорижда бўлиб турган номзодлар суҳбат босқичида ОНЛАЙН шаклда иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун улар Ф.И.Ш. ва хорижда эканлигини тасдиқловчи ҳужжатни илова қилган ҳолда, @eyufadmissionbot Telegram ботига 7 декабрь соат 18:00 га қадар мурожаат юборишлари лозим.
Ўзбекистон ҳудудида бўлган номзодлар суҳбатда фақат ОФЛАЙН шаклда иштирок этишлари шарт.
Суҳбат «Эл-юрт умиди» жамғармасининг истиқболли кадрларни хорижда мақсадли тайёрлашга қаратилган таълим дастурлари бўйича очиқ стипендия танловини ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМга мувофиқ ўтказилади.
Суҳбат учун белгиланган кунга келмаган номзодлар «суҳбатдан ўтмади» деб эътироф этилади.
Суҳбат жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси биносида ўтказилади.
Суҳбат вақти ўзгариши эҳтимолини инобатга олган ҳолда, белгиланган куннинг тўлиқ қисмини суҳбат жараёнига ажратишингиз тавсия этилади.
