Ўзбек тили сертификати бўйича апробация имтиҳони ўтказилди

Ўзбек тили сертификати бўйича апробация имтиҳони ўтказилди

Президентнинг 2020 йил 20 октябрдаги ПФ–6084-сон Фармони билан тасдиқланган «2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси» қабул қилинган эди.

 

Ушбу фармон ижросини таъминлаш, ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш билдираётган чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини тасдиқловчи давлат намунасидаги малака сертификатига эга бўлиш имкониятини яратиш мақсадида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан 2025 йил 3 декабрь куни республика ҳудудларида чет эл фуқаролари учун ўзбек тилидан малака сертификатини бериш имтиҳони апробация тариқасида ўтказилди.

 

Апробация жараёнида имтиҳон форматлари, тест топшириқларининг тузилиши, баҳолаш мезонлари ҳамда «Uzbek language proficiency test» электрон платформасининг ишлаш механизми амалиётда синовдан ўтказилди.

 

Олиб борилган апробация натижалари асосида малака имтиҳони тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли таклиф ва хулосалар ишлаб чиқилади. Имтиҳон халқаро CEFR мезонлари асосида А1, А2 ва B1 даражаларини қамраб олган ҳолда тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш бўйича тўртта асосий кўникма кесимида онлайн шаклда ташкил этилди.

 

Имтиҳонда 332 нафар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирок этган.

 

Натижалар таҳлилига кўра, имтиҳон топшириқлари мазмуни ва формати, баҳолаш мезонлари, имтиҳон давомийлиги ҳамда платформа функционал имкониятлари қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилади.

 

Тилшунослар, соҳа мутахассислари, зиёлилар, педагоглардан ўз таклифларини билдириши мумкин. Бунинг учун (95) 515-68-68 рақамлари, Агентликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари мурожаат қилиш лозим.