Мактабда ўқувчиларга қачон телефондан фойдаланишга рухсат берилади?

Мактабда ўқувчиларга қачон телефондан фойдаланишга рухсат берилади?

Ҳукуматнинг «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 139-сон қарорига кўра, таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир таълим олувчи, ходим, келувчи ва бошқа шахслар ўз телефони абонентининг чақирув овозини тўлиқ ўчириб қўйиши (телефонни «овозсиз» режимга ўтказиши) шарт.

 

Таълим муассасаларида ўтказиладиган ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари ва шу кабилар) бошланишидан олдин таълим олувчилар:

 

– телефонини ўчириб қўйиши;

 

– телефонини портфели, сумкаси ва шу кабиларга солиб қўйиши шарт.

 

Таълим олувчиларга қуйидагилар қатъиян тақиқланади:

 

а) телефонини бўйнига осиб олиш, кўкрак чўнтакларида, шим, юбкалари чўнтакларида ва шу кабиларда сақлаш;

 

б) телефон аккумуляторини зарядлаш учун таълим муассасаси электр тармоқларига улаш;

 

в) телефони ёрдамида:

 

– атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш;

 

– таълим муассасасининг нуфузига, шу жумладан зўравонлик ва вандализм ҳолатларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш йўли билан зарар етказиш;

 

г) ўқув машғулотлари вақтида:

 

– телефон орқали сўзлашиш ҳамда SМS (ММS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш;

 

– телефонни стол устига қўйиш;

 

– мусиқа, шу жумладан наушниклар орқали тинглаш;

 

– сурат ва видео тасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш (ўйинлар билан шуғулланиш), тасвир (матн, расм, видеоёзув ва фотосуратлар) кўриш, диктофон, калькулятор, календарь, блокнот, ён дафтарча кабилар сифатида фойдаланиш;

 

– суратга олиш ва видео тасвирга тушириш;

 

– телефон (GPRS, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар) орқали бошқа хизматлардан фойдаланиш.

 

Мобил телефонга қачон рухсат берилади?

 

Низомнинг 9-бандига кўра, таълим муассасасида таълим олувчиларга машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчилар), яқин қариндошлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари ёки ходимлари билан зудлик билан боғланиш мақсадида телефонлардан фойдаланишга (қўнғироқ қилишга, SМS, ММS, GPRS жўнатишга, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар хизматидан фойдаланишга) рухсат этилади.

 

Машғулотлар ва турли тадбирлар оралиғида телефон орқали сўзлашиш учун хонадан йўлакка ёки фойега чиқиш, паст овозда ва қисқа мулоқот қилиш зарур.

 

Фавқулодда вазиятлар вужудга келган тақдирда таълим муассасаларида телефондан фойдаланиш чекланмайди.

 

Таълим муассасасининг ўқитувчилари ва бошқа ходимлари:

 

– ўқув машғулотлари вақтида телефондан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас;

 

– дарсдан ташқари вақтда таълим олувчилар иштирокида телефондан фойдаланишни имкони борича чеклашлари шарт.

 

Талабларни бузган ўқувчиларга қандай чора кўрилади?

 

Ушбу Низомнинг 13-бандига мувофиқ талабларини бузган таълим олувчиларга нисбатан қуйидаги таъсир кўрсатиш чоралари қўлланади:

 

– огоҳлантириш;

– уларнинг кундалик дафтарига ёзиб қўйиш;

– ота-оналарини (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) хабардор қилиш ёки тушунтириш суҳбати ўтказиш учун таълим муассасасига чақириш.

 

Шу билан бирга, ушбу Низом талабларини бузган талабаларга нисбатан олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларига мувофиқ чоралар кўрилади.

 

Талаблари бузилган тақдирда таълим муассасасининг ҳар қандай педагог ходими таълим олувчидан телефонни олиб қўйиш, ушбу Низомни бузганлик ҳолати тўғрисида билдиришнома расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга таълим муассасасининг (факультетнинг) директорига (деканига) ёки директор (декан) ўринбосарига, кейинчалик уни ота-оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, олий таълим муассасаларида эса – кураторга) бериш ва талаблари бузилганлиги ҳолатлари тўғрисида огоҳлантириш бериш ҳуқуқига эга.

 

Тартибни ҳар қандай бузилиши таълим муассасасида (факультетда) тузиладиган директор (декан) раҳбарлигидаги комиссия томонидан, синф раҳбари (куратор), таълим олувчининг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) иштирокида, шунингдек ота-оналар (талабалар) мажлисида муҳокама қилинади.

 

Маълумот учун, Низом талаблари ҳар йили имзо қўйдирилган ҳолда ҳар бир таълим олувчига ва унинг ота-онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга), олий таълим муассасаларида эса тегишли равишда ҳар бир талабага етказилади.

 

Аввалроқ, Японияда ўқувчилар учун телефон вақтини чеклаш бўйича янги қарор кучга киргани ҳақида хабар берган эдик.

 

Шунингдек, Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридаги мактабларда телефондан фойдаланиш бутунлай тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.