Айрим ўқитувчиларга малака тоифаси тўғридан-тўғри берилади

Айрим ўқитувчиларга малака тоифаси тўғридан-тўғри берилади

Ҳукуматнинг 2025 йил 24 ноябрдаги тегишли қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17-центабрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом»га тегишли ўзгартиришлар киритилган.

 

Унга кўра, қуйидаги педагог кадрларга малака тоифаси тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади:

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан рўйхати тасдиқланадиган спорт мусобақаларининг:

 

– халқаро ҳамда республика босқичида 3-ўринни эгаллаган тарбияланувчисини тайёрлаган мактабгача таълим ташкилотларининг жисмоний тарбия йўриқчиларига — иккинчи малака тоифаси;

 

– халқаро ҳамда республика босқичида 2-ўринни эгаллаган тарбияланувчисини тайёрлаган мактабгача таълим ташкилотларининг жисмоний тарбия йўриқчиларига — биринчи малака тоифаси;

 

– халқаро ҳамда республика босқичида 1-ўринни эгаллаган тарбияланувчисини тайёрлаган мактабгача таълим ташкилотларининг жисмоний тарбия йўриқчиларига — олий малака тоифаси.

 

Белгиланган тартибда тасдиқланадиган халқаро ва республика миқёсидаги спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика, ҳудудий ва жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари календарь-режаларига киритиладиган, шунингдек, республика ҳудудида ўтказиладиган халқаро ва республика миқёсидаги расмий спорт ёки оммавий жисмоний тарбия тадбирлари рўйхатига киритилган спорт мусобақаларининг:

 

– халқаро ҳамда республика босқичида 3-ўринни эгаллаган ўқувчисини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — иккинчи малака тоифаси;

 

– халқаро ҳамда республика босқичида 2-ўринни эгаллаган ўқувчисини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — биринчи малака тоифаси;

 

– халқаро ҳамда республика босқичида 1-ўринни эгаллаган ўқувчисини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — олий малака тоифаси.

 

Жисмоний тарбия фани олимпиадаси, «Беш ташаббус олимпиадаси», олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларининг:

 

– республика босқичида 3-ўринни эгаллаган ўқувчисини тайёрлаган таълим ташкилотларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — иккинчи малака тоифаси;

 

– республика босқичида 2-ўринни эгаллаган ўқувчисини тайёрлаган таълим ташкилотларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — биринчи малака тоифаси;

 

– республика босқичида 1-ўринни эгаллаган ўқувчисини тайёрлаган таълим ташкилотларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — олий малака тоифаси.

 

Шунингдек, халқаро математика (IМО), физика (IPhO), кимё (IChO), биология (IBO) информатика (IOI) олимпиадаларида:

 

– олтин, кумуш ёки бронза медални (биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни) қўлга киритган совриндор ўқувчини тайёрлаган таълим ташкилотларининг педагог кадрларига — олий малака тоифаси.

 

Аввалроқ, айрим педагог кадрларнинг малака тоифаси (лавозими) бир поғонага оширилиши ҳақида хабар берган эдик.