2026 йилдан стипендия миқдори ошиши мумкин

2026 йилдан стипендия миқдори ошиши мумкин

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил учун давлат бюджетига доир қонун лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжатда қатор иқтисодий кўрсаткичлар ўрин олган.

 

Хусусан, қонун лойиҳасида келаси йили давлат ходимлари иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини оширишга бюджетдан 6 трлн сўм ажратилиши белгиланган. Бунга айрим хизмат турлари нархи кўтарилиши ва қўшимча иш ўринлари яратилиши харажатлари ҳам киради.

 

Келаси йилдан стипендия миқдори ошиши мумкин

 

Келгуси йилларда аҳолининг реал даромадларини ошириш мақсадида иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни йиллик инфляциядан юқори суръатда индекслаб бориш режа қилинган. Прогнозларга кўра, 2026 йилда инфляция даражаси тахминан 7 фоиз бўлиши кутилмоқда.

 

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, давлат ходимлари иш ҳақини 1 фоизга ошириш бюджетдан 1 трлн 697 млрд сўм, пенсияларни 1 фоизга кўтариш эса 832 млрд сўм қўшимча маблағ талаб қилади.

 

Бюджет харажатларининг энг катта қисми иш ҳақи ва унга боғлиқ тўловларга йўналтирилади. Хусусан, 2026 йилда иш ҳақи ва ижтимоий солиқ учун 172,8 трлн сўм сарфлаш режалаштирилган. Бу кўрсаткич 2025 йилги тасдиқланган режадан 18,5 трлн сўмга кўп. Келаси йилда иш ҳақи тўловлари давлат бюджети харажатларининг 42,9 фоизини, ялпи ички маҳсулотга нисбатан эса 8,7 фоизини ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

 

Шунингдек, 2026 йилда стипендиялар учун 2,2 трлн сўм, пенсия тўловлари учун 86,1 трлн сўм, нафақаларга эса 14 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши белгиланган.

 

Қонун лойиҳаси – Файлни юклаш

 

Аввалроқ, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ва Буджетномасига кўра, 2026 йилда таълимга 100,3 трлн сўм ажратилиши режалаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.