Қишда ўқувчи қизлар шим кийишлари мумкинми?

Қишда ўқувчи қизлар шим кийишлари мумкинми?

Ҳукуматнинг 2018 йил 15 августдаги «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 666-сонли қарорининг 8-бандига биноан, қишки ўқиш даврида ўқувчи қизлар шим кийишлари мумкин.

 

Ушбу қарорга кўра, об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактаб формасининг нимчасини ёки костюмини, кўйлакнинг енги узун ёки калта шаклини ихтиёрий равишда кийишлари мумкин. Шунингдек, қишки ўқиш даврида ўқувчи қизларга ягона мактаб формасига мос шим кийишга рухсат берилади.

 

Нималар мумкин эмас?

 

Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно.

 

Ўзбекистон Республикасида аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар хамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди.

 

Шунингдек, умумтаълим мактабларида:

 

– ўғил бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига;

 

– қиз бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди.