Устама рад этилса, педагоглар қаерга мурожаат қилиши мумкин?

Устама рад этилса, педагоглар қаерга мурожаат қилиши мумкин?

Педагог ходимларга ҳар ойлик устама белгилаш Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган низомнинг тартибларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши шарт.

 

Устама белгилаш фақат очиқ муҳокама ва баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади.

 

Низомнинг 11- ва 12-бандларига мувофиқ:

 

– устама фақат ўқув-тарбия жараёнига шахсий ҳисса қўшган, касбга содиқ, ташаббускор ва юқори касбий даражасини намоён этган ходимларга белгиланади;

– бу баҳолаш аниқ мезонлар асосида бўлиши ва адолат ва холислик принциплари асосида юритилиши лозим.

 

Демак, ишчи гуруҳнинг шахсий зиддият, адоват ёки субъектив муносабат асосида устамани рад этиши низомга зид ҳаракат ҳисобланади ва устама тайинланишида фақат фаолият мезонлари асосида баҳолаш лозим.

 

Ишчи гуруҳ қарорларини қандай қабул қилади?

 

Низомнинг 15-бандига кўра:

 

– ишчи гуруҳ қарори, мажлисда иштирок этган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади;

– мажлис ваколатли бўлиши учун аъзоларнинг учдан икки қисми иштирок этиши, шунингдек, касаба уюшмаси, кузатув кенгаши ва ота-оналар вакиллари мажлисда қатнашиши шарт;

– овозлар тенг бўлиб қолса, ишчи гуруҳ раҳбарининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

 

Масалан, агар ишчи гуруҳда 9 нафар аъзо бўлса, камида 6 нафари иштирок этган ҳолда, 4 нафарнинг овози етарли бўлади. «Оддий кўпчилик овоз» деганда, қарор қабул қилинаётган мажлисда иштирок этаётган аъзолар сонининг ярмидан кўпи томонидан билдирилган ижобий фикр тушунилади.

 

Бу — ишчи гуруҳнинг умумий таркиби бўйича эмас, мажлисда қатнашган аъзолар сони бўйича ҳисобланади. Агар ҳамма — 9 нафар аъзо қатнашаётган бўлса, камида 5 киши маъқуллаши керак.

 

Низом 16-бандига асосан, ҳар бир қарор баённома билан расмийлаштирилади ва барча иштирокчилар томонидан имзоланади.

 

Педагоглар қаерга мурожаат қилиши мумкин?

 

1. Умумтаълим муассасаси директорига ёзма мурожаат — ишчи гуруҳ қарорини қайта кўриб чиқишни сўраб.

2. Туман меҳнат инспекцияси ва адлия бўлимига — педагогнинг моддий манфаатларига тажовуз бўлса, у меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги асосида юқори инстанцияларга мурожаат қилиши мумкин.

 

Аввалроқ, Вазир жамғармасидан тўлаб бериладиган устамаларга кимлар номзод бўла олиши ва мазкур устамаларнинг берилиш тартиби ҳақида хабар берган эдик.