Кучли чангланиш туфайли Қозоғистон ўқувчиларини масофавий ўқишга ўтказиш мумкинми? Бу масалада Қозоғистон Бош вазири жавоб берди.
Бунгача депутат Олга Булавкина бош вазир Олжас Бектеновга йўллаган сўровномасида ҳавонинг ифлосланиши ҳали ҳам соғлиқ ва ўлим даражаси учун асосий хавф омилларидан бири эканини таъкидлаган.
«Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда юрак-қон томир касалликлари оқибатида 29,9 минг, нафас олиш органлари касалликлари туфайли 13,3 минг, ёмон сифатли ўсмалар сабабли 13,5 минг киши вафот этган. Афсуски, ушбу касалликлардан ўлим даражаси ўсишда давом этмоқда. Мутахассислар бу ўсишни Караганда, Темиртау, Шарқий Қозоғистон шаҳарларида, Атирау ва Ақтобе вилоятларида, шунингдек, Астана ва Олмаотада саноат марказларидаги ҳавонинг ифлосланиши билан бевосита боғлайди», — деди депутат Олга Булавкина ўз сўровномасида.
Унинг таъкидлашича, шаҳарлардаги саноат корхоналари тўпланиши ноқулай метеорологик шароитлар (инверсия, тинч ҳаво) билан қўшилганда чангланишнинг мунтазам ҳосил бўлишига олиб келади. Бу эса аҳоли орасида нафас йўллари, юрак-қон томир ва онкологик касалликларнинг кўпайишига бевосита таъсир қилади.
У, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ бўлган ноқулай метеорологик шароитларда (НМШ) ўқувчиларнинг масофавий ўқишга ўтказилиши масаласини кўтарган.
«Таълим вазирлиги буйруқларида зарарли моддалар миқдори рухсат этилган меъёрдан ошган ҳолатларда масофавий ўқишга ўтиш тартиби белгилаб қўйилмаган», — деди у.
Депутат эслатишича, 2025 йил октабр ойида Казгидрометнинг расмий маълумотлари асосида, шаҳар ҳокимлиги ва таълим бошқармаси билан келишган ҳолда, Уст-Каменогорск ўқувчилари бир неча кун давом этган смог сабаб масофавий ўқишга ўтказилган эди.
«Бу — 53 минг ўқувчига эга 66 та мактаб. Бундан ташқари, Уст-Каменогорскда 30 минг нафар талаба коллеж ва олий таълим муассасаларида ўқийди. Бундай масалани тегишли вазирликларнинг ягона меъёрий ҳужжатисиз ҳал қилиш деярли имконсиз. Ҳолбуки, бу вазият вилоят марказида яна такрорланиши мумкин», — деди депутат Олга Булавкина.
Булавкина, шунингдек, Қозоғистонда зарарли моддалар миқдорининг амалдаги меъёрий чегаралари (ПДК) йиллар давомида янгиланмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ПДК 5 баробар ва ундан юқори ошганида, айниқса ноқулай метеорологик шароитларда қандай чоралар кўриш бўйича аниқ тавсиялар ҳануз йўқ.
Бош вазирнинг жавоби
Депутат сўровига бош вазир Олжас Бектенов жавоб берди. Унинг айтишича, атмосферадаги ҳавонинг ифлосланиши бўйича мониторинг 70 та аҳоли пунктида мунтазам равишда амалга оширилади.
«2025 йилнинг биринчи ярмида 298 та юқори даражадаги ифлосланиш ҳолати қайд этилди, шундан 23 таси бўйича ўтказилган ўрганишларда 9 та ҳолат тасдиқланди. Таъкидлаш жоизки, мониторинг маълумотлари умумий ифлосланиш даражасини акс эттиради ва ҳар доим ҳам аниқ манбани кўрсатиб бера олмайди, айниқса санитария ҳимоя зоналарига яқинлик ёки бир нечта корхоналар таъсири мавжуд бўлган ҳудудларда», — деди бош вазир Олжас Бектенов.
У шунингдек, масофавий таълим расмий таълим шакли эканини ва тегишли буйруқлар билан тартибга солинишини эслатди.
«Масофавий формат ноқулай метеорологик шароитларда, фавқулодда вазиятларда, чеклов тадбирларида, тиббий кўрсатмалар бўйича, ота-оналар аризасига асосан ёки бошқа асослар мавжуд бўлган ҳолатларда қўлланилади. Шундай қилиб, НМШнинг иккинчи ва учинчи даражаларида ҳамда зарарли моддалар миқдори рухсат этилган меъёрдан уч баравар ошганида, ўқувчиларни соғлигини ҳимоя қилиш учун уларни масофавий таълимга ўтказиш бўйича қарор қабул қилиш ваколати ҳокимликларга берилади», — деди бош вазир.
Бош вазирнинг жавобига кўра, ноқулай метеорологик шароитлар 2–3-даражага етганда ва зарарли моддалар миқдори ПДКдан уч баравардан кўпроқ ошганида, ҳокимликлар ўқувчиларни онлайн таълимга ўтказиши мумкин.
