«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга асосан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари қонун ҳужжатларидир. Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонуности ҳужжатларидир.
Қонун — инсон, жамият ва давлат манфаатлари нуқтаи назаридан энг муҳим ҳисобланадиган ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлаш, ривожлантириш ва тартибга солиш воситаси. Қонун давлат олий вакиллик органларининг энг юқори кучга эга бўлган ҳужжатидир. Қонун давлат ҳуқуқ тизимининг асосини ташкил қилади, давлатнинг бошқа ҳамма органларининг норматив актларига нисбатан энг катта юридик кучга эга бўлади.
Қарор — давлат органи ёки мансабдор шахснинг ўз ваколати доирасида муайян мақсадга эришиш йўлида қабул қиладиган ва бирор оқибат келтириб чиқарадиган ҳужжати. Қарор, одатда, ижро этувчи ҳокимият органи томонидан қабул қилиниб, у ана шу органнинг ўз вазифаларини амалга ошириш воситалари ва йўлларини назарда тутган бошқарув вазиятини таҳлил этиш ҳамда баҳолашга оид эрки ифодаси ҳисобланади.
Фармон — муайян мамлакатларда давлат бошлиги (Президент) чиқарадиган муҳим ҳуқуқий ҳужжат. Ф. билан, одатда, шахслар юксак лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади, фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат тартиби жорий этилади, орден ва медаллар билан мукофотлаш амалга оширилади, олий ҳарбий ва фахрий унвонлар берилади, умумнорматив хусусиятга эга бўлган қарорлар расмийлаштирилади. Умумий қоидага кўра, Фармон мазкур давлат конституцияси ва қонунларига зид бўлмаслиги керак.
Фармойиш — бошқарувга доир ҳуқуқий ҳужжат; конституциявий ҳуқуқда давлат бошлиғи ва ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ваколатлари доирасида чиқарилади. Ижро этувчи ҳокимият органининг тез ҳал қилиниши керак бўлган ва бошқа жорий масалаларига оид қарори фармойиш шаклида чиқарилади.
