Хабарингиз бор, энди ижара уйида яшовчи талабалар ойма-ой ижара тўловининг бир қисмини қоплаб берилиши бўйича my.gov.uz портали орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Кеча, 1 декабрь санасидан бошлаб ижара шартномага компенсация олиш учун ариза бериш очилди. Ушбу жараён ойнинг 7-санасига қадар давом этади.
Хизматдан қандай фойдаланилади?
my.gov.uz порталига киринг:
– «Давлат ОТМ талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш» хизматини танланг;
– ҳужжат талаб қилинмайди — талабанинг барча маълумотлари автоматик текширилади.
Тўлов миқдори (ариза маълумотлари тасдиқланса):
– Тошкентдаги талабалар — БҲМнинг 1 баравари;
– вилоятдагилар — БҲМнинг 0.5 баравари қайтарилади.
Аризалар ҳар ойнинг 1–7 кунлари қабул қилинади.
Изоҳ: ижара шартнома учун аризани, аслида, исталган кунда юборсангиз бўлади. Фақат ойнинг 7-санасига қадар юборилган сўровларга мазкур ой учун шартнома миқдорининг маълум қисми қоплаб берилади. Яъни ҳатто 8-санада ариза юборсангиз ҳам кейинги ойга қолиб кетасиз.
Аввалроқ, Президентнинг 2025 йил 16 сентябрдаги «Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–286-сон қарорига кўра, 2025 йил 1 ноябрдан давлат олий таълим муассасалари талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича Ягона портал (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиш имконияти яратилиши ҳақида хабар берган эдик.
