Президент ўқитувчилар учун сунъий интеллектга асосланган платформа жорий қилиш таклифи билан танишди

Президент ўқитувчилар учун сунъий интеллектга асосланган платформа жорий қилиш таклифи билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 1 декабрь куни соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва космос соҳаларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.

 

«Келгуси ўқув йилидан мактаб, техникум ва олийгоҳларда ўқувчи ва талабаларга сунъий интеллектни ўқитиш бошланади. Бунинг учун информатика ўқитувчилари тайёрланмоқда. Лекин фақат уларни эмас, бутун мактаб жамоасини сунъий интеллектдан фойдаланишга ўргатиб, ўқитувчиларнинг юкламасини камайтириш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Шунда ўқитувчида ўз устида ишлашга кўпроқ вақт қолади», дея таъкидланди йиғилишда.

 

Тақдимотда бу борадаги янги ёндашувлар кўриб чиқилди.

 

Жумладан, мактаб таълими учун сунъий интеллектга асосланган платформани жорий қилиш таклиф қилинди. Бунда ўқитувчининг виртуал ёрдамчиси ишлаб чиқилади ва платформага интеграция қилинади. Ушбу ечим ўқитувчиларга мавзуга доир маъруза матнлари, тақдимотлар, тестлар, дарс режаларини тузиш, имтиҳон жараёнларини назорат қилишда кўмаклашади.

 

Йиғилишда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиларининг малакасини ошириш дастури ҳақида ахборот берилди.

 

Транспорт соҳасида ҳам сунъий интеллект лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, сунъий интеллект ёрдамида йўллардаги қоидабузарликларни автоматик аниқлаш, вагонлар техник ҳолатини мониторинг қилиш орқали темир йўлда авариялар хавфини камайтириш бўйича таклифлар тақдимот қилинди.

 

Бундан ташқари, космик технологиялар бўйича янги ташаббуслар ишлаб чиқилган. «Самарқанд-2028» сунъий йўлдошини ишлаб чиқиш ишларининг бориши кўриб чиқилди. Ерни масофавий зондлашга мўлжалланган мазкур йўлдош учун сунъий интеллект модули ишлаб чиқилади. Йўлдош олган суратларни ҳаво сифатини бирламчи баҳолаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўрмонларни мониторинг қилишда қўллаш мумкин бўлади.

 

Тақдимот якунида давлатимиз раҳбари кўриб чиқилган лойиҳалар ижросини жадаллаштириш, сунъий интеллект технологияларидан иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада фойдаланишни кенгайтириш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

 

Аввалроқ, ҳар йили сунъий интеллект бўйича100 нафар энг иқтидорли ёшлар АҚШ, БАА ва Европага стажировкага юборилиши ҳақида хабар берган эдик.