Олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш бўйича янги индикаторлар тасдиқланди

Олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш бўйича янги индикаторлар тасдиқланди

Адлия вазирлиги 2025 йил 1 декабрда «Олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларини махсус давлат аккредитациясидан ўтказишда баҳолаш мезонлари бўйича индикаторларни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами: 3716).

 

Унга кўра, 6 та йўналиш доирасидаги 31 та мезон бўйича олий таълим ташкилотларидаги таълим дастурларини махсус давлат аккредитациясидан ўтказишда фойдаланиладиган 190 та индикатор белгилаб берилган.

 

Бунда 8 та (4.2 %) мажбурий индикаторлар (масъул таркибий тузилмани ташкил этишнинг аниқ режаси мавжудлиги, талабалар контингентидан келиб чиққан ҳолда ўқув хоналари билан таъминланганлик ва б.) ҳамда 182 та (95.8 %) умумий индикаторлар (фан мазмунига мос хорижий адабиётлардан фойдаланиш, талабалар ўртасида сўровномалар ўтказиш, қабул параметрларини белгилашда ахборот-ресурс марказининг имкониятларини ҳисобга олиш ва б.) мавжуд бўлиб, «мувофиқ» ёки «мувофиқ эмас» тарзида баҳоланади.

 

Бунда:

 

– 50 % гача индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон «мувофиқ эмас»;
– 50 % дан 70 % гача индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон «қисман мувофиқ»;
– 70 % ва ундан ортиқ индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон «мувофиқ» деб топилади.

 

Мажбурий индикатор «мувофиқ эмас» деб баҳоланса, умумий натижадан қатъи назар, мезон «мувофиқ эмас» деб топилади.

 

Аввалроқ, муҳокамалар порталида «Олий таълимдан кейинги таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказишда баҳолаш мезонлари бўйича индикаторларни тасдиқлаш ҳақида»ги Ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.