2026 йилда стипендия, ойлик, пенсия ва нафақаларни оширишга қанча пул ажратилиши маълум қилинди

2026 йилда стипендия, ойлик, пенсия ва нафақаларни оширишга қанча пул ажратилиши маълум қилинди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжатда келгуси йилга мўлжалланган асосий иқтисодий кўрсаткичлар ва харажатлар режалари акс эттирилган.

 

Лойиҳага кўра, 2026 йилда давлат ходимлари иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақаларнинг оширилиши учун бюджетдан 6 трлн сўм йўналтирилади. Ушбу маблағлар таркибида хизматлар нархининг ошиши ва янги иш ўринларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар ҳам мавжуд.

 

Келгуси йилларда аҳолининг реал даромадларини ошириш мақсадида иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни йиллик инфляциядан юқори суръатда индекслаб бориш режа қилинган. Прогнозларга кўра, 2026 йилда инфляция даражаси тахминан 7 фоиз бўлиши кутилмоқда.

 

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, давлат ходимлари иш ҳақини 1 фоизга ошириш бюджетдан 1 трлн 697 млрд сўм, пенсияларни 1 фоизга кўтариш эса 832 млрд сўм қўшимча маблағ талаб қилади.

 

Бюджет харажатларининг энг катта қисми иш ҳақи ва унга боғлиқ тўловларга йўналтирилади. Хусусан, 2026 йилда иш ҳақи ва ижтимоий солиқ учун 172,8 трлн сўм сарфлаш режалаштирилган. Бу кўрсаткич 2025 йилги тасдиқланган режадан 18,5 трлн сўмга кўп. Келаси йилда иш ҳақи тўловлари давлат бюджети харажатларининг 42,9 фоизини, ялпи ички маҳсулотга нисбатан эса 8,7 фоизини ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

 

Шунингдек, 2026 йилда стипендиялар учун 2,2 трлн сўм, пенсия тўловлари учун 86,1 трлн сўм, нафақаларга эса 14 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши белгиланган.

 

Аввалроқ эълон қилинган Фискал стратегияда 2026 йилда давлат ходимлари иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг камида 6–7 фоизга оширилиши режалаштирилгани қайд этилганди. Шунингдек, келгуси йилда давлат идораларининг бюджетдан оладиган маблағлари ҳам олдиндан белгилаб қўйилган.