Савол: Мен 2 январдан меҳнат таътилига чиқишим керак эди, лекин сиртқи таълимда ўқишим 7 январдан бошланиши ҳақида университетдан маълум қилишди. Агар шу кунлар ўқув таътили сифатида расмийлаштирилса, меҳнат таътили учун олган пулларим қайта ҳисобланадими ёки иш ҳақимдан ушлаб қолиниши мумкинми?
Меҳнат кодексининг 385-моддасига асосан, сиртқи таълимда ўқиётган ходимларга ўқув таътили бериш иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади.
Бунда таътил давомийлиги талабанинг қайси босқичда ўқиётганига қараб белгиланади: 1–2 курсларда камида 30 кун, 3 ва ундан юқори курсларда эса камида 40 кун, ва ушбу даврда ўртача иш ҳақи сақланади.
Шу билан бирга, қонунчилик меҳнат таътили билан ўқув таътили бир пайтга тўғри келиб қолган ҳолатларда алоҳида тартибни назарда тутади. Меҳнат кодексининг 229-моддаси ходимга икки хил ҳуқуқ беради: биринчи — ҳар йилги меҳнат таътилини ўқув таътили даврига мувофиқ равишда узайтириш, иккинчи — таътилнинг фойдаланилмаган қисмини кейинги муддатга кўчириш.
Агар таътилдан фойдаланишга монелик қилувчи ҳолатлар таътил бошланишидан олдин маълум бўлган бўлса, ходим ва иш берувчи келишуви асосида таътилнинг янги муддати белгиланади.
Мисол учун, ходим 2 январдан меҳнат таътилини бошлаши керак, аммо 7 январдан сиртқи ўқув машғулотлари бошланиши мумкинлиги ҳақида олдиндан расмий маълумот тақдим этмаган бўлса, иш берувчи таътилни белгиланган санада бериши мумкин. Чунки ҳозирги пайтда таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи расмий фактлар мавжуд эмас.
Бироқ меҳнат таътили давомида ходим олий таълим муассасасидан расмий тасдиқнома тақдим этиб, ўқув таътили сўраса, иш берувчининг икки йўли бор: биринчиси — меҳнат таътил давомийлигини ўқув таътили кунларига тўғрилаб узайтириш, иккинчиси — тарафлар келишувига биноан меҳнат таътилининг қолган қисмини бошқа вақтга кўчириш. Бу ҳолат ҳам Меҳнат кодексининг 229-моддаси иккинчи қисмида белгилаб қўйилган тартибга тўлиқ мос келади.
