Синфхоналарнинг ҳарорати неча даражада бўлиш керак?

Синфхоналарнинг ҳарорати неча даражада бўлиш керак?

Таълим муассасаларида ўқув хоналарида машғулотлар ўтказишда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига кўра, енгил жисмоний иш бажариладиган хоналарда ҳаво ҳарорати камида 21 даража, нисбий намлик эса 40–60 фоиз бўлиши лозим. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси маълум қилган.

 

Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларида ўқув жараёни олиб бориладиган хоналар учун ҳам аниқ меъёрлар белгиланган: енгил жисмоний ишда минимал ҳарорат 21 °C, ўртача оғирликдаги ишда 17 °C, оғир жисмоний фаолиятда эса 16 °C дан паст бўлмаслиги шарт.

 

Айрим махсус хоналар учун талаблар янада аниқ белгиланган. Спорт залида ҳарорат доимий равишда 18–20 °C оралиғида бўлиши ва ҳавонинг намлиги 50–60 фоиз даражада сақланиши талаб этилади. Физика лаборатория хоналарида эса оптимал ҳарорат 18–21 °C, нисбий намлик 40–60 фоиз этиб белгиланган.

 

Бундан ташқари, таълим муассасаларидаги ҳожатхоналар иссиқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши шарт. Агар бино канализация тизимига уланмаган бўлса, давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ер қатламини ифлослантирмайдиган, душхона ҳамда ювиниш жойларидан оқова чиқмайдиган махсус ахлат ўралари ўрнатилишига рухсат берилади.

 

Ушбу талаблар таълим муассасаларида санитария-гигиена шароитларини яхшилаш ва ўқувчилар саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган.