Ўзбекистонда таълим хизматлари учун 10 ойда 30 трлн сўмдан зиёд маблағ сарфланган

Ўзбекистонда таълим хизматлари учун 10 ойда 30 трлн сўмдан зиёд маблағ сарфланган

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2025 йилнинг январь-октябрь ойларида таълим соҳасидаги бозор хизматлари ҳажми 30,4 трлн сўмни ташкил этган.

 

Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даври билан солиштирганда 6,8 % га ошган. Бу жами кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажмининг 3,7 % ини ташкил этади.

 

Мазкур даврда таълим соҳасидаги хизматларнинг умумий ҳажмида олий таълим соҳасидаги хизматлар устунлик қилиб, улуши 46,6 % ни ташкил этган.

 

Маълумот учун, 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида эса таълим соҳасидаги хизматлар ҳажми 26,3 трлн сўмни ташкил этган.

 

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ва Буджетнома ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик.

 

Унда 2026 йилда таълимга 100,3 трлн сўм ажратилиши режалаштирилгани келтирилган.

 

Шунингдек, олий таълим қамровини ва таълим сифатини ошириш мақсадига мувофиқ олий таълим учун 7,3 трлн сўм бюджет маблағлари ажратилиши режалаштирилаётгани ҳақида ҳам хабар берилган эди.