Жорий йилги давлат дастурида таълим жараёни иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 27–28 ноябрь кунлари «Мактабгача таълим ташкилотларидаги психоэмоционал ҳолатдаги муаммолар ва уларни олдини олиш, шунингдек тарбияланувчилар шахсиятини шакллантириш» мавзусида ўқув-семинар ўтказилмоқда.
Ушбу тадбир Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Мазкур курс психолог-тренерлар учун зарур бўлган замонавий илмий-амалий билим ва компетенцияларни ривожлантиришга хизмат қилади, деган умиддамиз. Икки кунлик ўқув-семинар натижасида мактабгача таълим тизимидаги 3 минг нафардан ортиқ психологларни каскад усулида ўқитиш жараёнига замин яратилади.
Психологлар учун яратилган 20 дан ортиқ методик ресурслар, жумладан, диагностика, психосоматика, нейропсихология, касбга йўналтириш, коррекция ва профилактика, тренинг дастурлари ва ота-оналар учун ресурслар амалиётда яхши самара беришига ишонамиз», – деди Таълимни ривожлантириш маркази директори Юлия Рисюкова.
Тадбир мактабгача таълим психологларининг ҳуқуқий ва ахлоқий масъулиятини ошириш, улардаги касбий сўнишнинг олдини олиш, стрессларга бардошлилик даражасини яхшилаш, замонавий ёндашувлар ва методлар орқали уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Семинарда 5 та ўзбек ва 1 та рус гуруҳларида маҳорат дарслари ташкил этилиб, унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 170 нафар мактабгача таълим психологлари ҳамда 22 нафар тренерлар иштирок этмоқда.



