Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ва Буджетнома ишлаб чиқилди.
Мазкур «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ва Буджетнома Буджет кодексининг 29-моддасига мувофиқ шакллантирилган.
Қонун лойиҳаси 18 та модда ва 10 та иловадан иборат.
Унда 2026 йил учун прогнозлар ва 2027–2028 йиллар учун буджет мўлжаллари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар билан ўзаро мувофиқликда ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси республика буджетининг харажатлари Қонун лойиҳасининг 5-иловасида 66 та биринчи даражали буджет маблағларини тақсимловчилари (вазирлик ва идоралар) кесимида тасдиқланмоқда.
Бунда, Давлат дастурларининг режалаштирилган давлат харажатлари билан уйғунлигини таъминлаш, уларнинг ижроси бўйича жамоатчилик ва Парламент назоратини кучайтириш мақсадида, Қонун лойиҳасида биринчи даражали буджет маблағларини тақсимловчилари буджетида Давлат дастурлари учун ажратилаётган маблағлар алоҳида кўрсатилган.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги жорий харажатлари қаторида 15 та, Соғлиқни сақлаш вазирлигида 27 та, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 18 та, Сув хўжалиги вазирлигида 8 та давлат дастурлари ва тадбирлар учун ажратилган маблағлар алоҳида сатрларда кўрсатилган.
Қонун лойиҳасининг 13-моддасига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети харажатларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланаётган бўлиб, кейинги йилдан бошлаб олий таълим ташкилотларининг академик лицейлари коллеж ва техникумлар каби маҳаллий буджетлардан молиялаштиришга ўтказилмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим ҳамда ихтисослаштирилган мактаблари объектларини лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва мукаммал таъмирлашга доир харажатларни молиялаштириш республика буджетидан маҳаллий буджетларга ўтказилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан танишиш – Файлни юклаш
