Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган. Айни пайтда Конституциянинг моддаларига катта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани сабаб 65% қисми янгиланган.
Мазкур янги таҳрирдаги Конституция 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган ва 2023 йил 1 майдан кучга кирган.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси муқаддима, 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан иборат.
Конституция тарихи
«Конституция» атамаси Қадимги Римдаёқ бор эди (император конституцияси деб аталган қонун). Амир Темур «Тузуклар»и Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. У шариат қонунлари билан бир қаторда Ўрта Осиё халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.
Конституция – 1992 йил 8 декабрда 12-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 11-сессиясида қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигини нишонлаш мақсадида Конституция қабул қилинган кун – 8 декабрь умумхалқ байрами – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни деб эълон қилинган.
«Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги Конституциявий қонун (1991 йил 31 август) ушбу Конституция учун асос бўлиб хизмат қилган. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини яратиш ғояси илк бор 1990 йил 20 июнда бўлиб ўтган мамлакат Олий Кенгашининг 2-сессиясида илгари сурилган.
Ушбу сессия биринчи президент Ислом Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституциявий комиссияни тузиш тўғрисида қарор қабул қилган. Унинг таркибига депутатлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг вакиллари, давлат ҳамда жамоат бирлашмалари, корхоналар ва хўжаликларнинг раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар ва мутахассислар кирган. Олий Кенгашнинг 10-сессиясида комиссия таркиби қисман янгиланган. Комиссия ишлаб чиққан лойиҳа матбуотда эълон қилиниб, кенг муҳокама этилган. Конституциявий комиссия умумхалқ муҳокамаси якунларини кўриб, лойиҳани тузатиб ва маъқуллаб Олий Кенгаш сессиясида кўриб чиқишга тавсия қилган. Лойиҳа Олий Кенгаш сессиясида ҳам моддама-модда муҳокама этилгандан сўнг қабул қилинган.
Конституциянинг классификацияси ва турлари
Конституция (лотинча: cонститутио — «ўрнатиш», «белгилаш») — бу давлатнинг асосий бош қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, суд тизимини, адвокатура, прокуратура соҳаларидаги билимларни белгилаб беради. Конституция барча жорий қонунларнинг асоси ҳисобланади.
Бир-биридан фарқланувчи юридик ва ҳақиқий (фактик) конституция тушунчалари бор.
Юридик конституция – ижтимоий муносабатлар доирасини тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар тизими.
Ҳақиқий конституция эса — шундай муносабатларнинг ўзи, яъни реал мавжуд муносабатлар.
Конституция ўзининг 3 турдаги шакли мавжуд: кодекслаштирилган, кодекслаштирилмаган ва аралаш турларга бўлинади.
Кодекслаштирилган конституция — конституциявий хусусиятга эга барча асосий масалаларни тартибга солувчи бир бутун ёзма ҳужжат ҳисобланади. Агар айни ўша масалалар бир неча ёзилган ҳужжатлар билан тартибга солинса, у ҳолда конституция кодекслаштирилмаган ҳисобланади. Аралаш турдаги конституция парламент томонидан қабул қилинган қонунлар ва суд прецедентлари билан бирга, одатлар ва назарий шарҳларни ҳам ўз ичига олган ҳолда ёритилади яъни қисман ёзилган бўлади.
Ўзгартириш киритиш усули бўйича конституция юмшоқ ва қаттиқ турларга бўлинади. Уларнинг биринчиси оддий қонун қабул қилиш йўли билан ўзгартирилиши мумкин. Иккинчиси махсус такомиллаштирилган тартибда (парламент аъзолари овозининг малакали кўпчилиги, баъзан эса референдум ўтказиш, тузатишларни муайян миқдордаги федерация субъектлари томонидан ратификациялаш) ўзгартирилиши мумкин. Амал қилиш муддатлари бўйича конституциялар доимий ва муваққат турларга бўлинади.
Амалдаги Конституциянинг тузилиши
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири муқаддима, 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан иборат.
1-бўлим (I–IV боб, 1-18-моддалар) «Асосий принциплар» деб номланган.
2-бўлим (V–ХI боб, 19-64-моддалар) «Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари» деб аталади.
3-бўлим (ХII–ХV боб, 65-82-моддалар) «Жамият ва шахс» деб аталади.
4-бўлим (XVI–XVII боб, 83-90-моддалар) «Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши» деб номланган.
5-бўлим (XVIII–XXVII боб, 91-153-моддалар) «Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши» деб номланган.
6-бўлим (154-155-моддалар) «Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби» деб аталади.
Конституциянинг янги таҳрири — Файлни юклаш
Қизиқарли фактлар
| Япония Конституцияси
Гарчи Япония Конституциясининг 9-моддасига биноан, Япония келажакда уруш олиб бориш ҳуқуқидан ҳамда қуруқлик, денгиз ва ҳаво ҳарбий кучлар тузиш ҳуқуқидан абадий вос кечган бўлсада, бугунги кунда Япония ҳарбий ҳаражатлари бўйича дунёда 5-ўринда туради ($ 58,97 млрд).
|
| Ҳиндистон Республикаси Конституцияси
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади. Мазкур Конституция ҳамма хам тушана олиши жуда қийин бўлган тилдаги 395 та модда, 12 та илова ва 500 та тузатишлардан иборат.
|
| Бразилия Федератив Республикаси конституцияси
Бразилия Федератив Республикасининг конституциясида «Ҳиндулар тўғрисида» деб номланган махсус боб (VIII боб) мавжуд бўлиб, ушбу боб Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.
|
| Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги конституцияси
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.
|
| АҚШ конституцияси
АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади. |
