Президентнинг 2025 йил 24 ноябрда «Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–228-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 майдан архив хизматларини кўрсатишда қуйидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади, жумладан:
– талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказишда тегишли архив муассасаси ёки ташкилот раҳбарининг тавсия хати;
– мавзули сўровлар тўғрисида маълумотнома беришда сўралаётган ҳужжатнинг нусхаси.
2026 йил 1 мартдан қуйидаги архив хизматларини кўрсатиш муддатлари қисқартирилади:
– архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхаларини Ўзбекистондан ташқарига вақтинча олиб чиқиш учун рухсатнома бериш муддати 15 иш кунидан 5 иш кунигача;
– яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш муддати 20 иш кунидан 10 иш кунигача;
– олий ва ўрта-махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш муддати 5 иш кунидан 2 иш кунигача;
– архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш) муддати 3 иш кунидан 1 иш кунигача.
