Сўнгги йилларда олий таълимдан кейинги таълим учун ажратиладиган квоталар сони 10 бараварга оширилган. Хусусан, 2017 йилда 504 та қабул квотаси ажратилган бўлса, 2025 йил учун 5250 та ва 2026 йил учун 5300 та қилиб тасдиқланган.
Инновацион ривожланиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Муқаддас Фаёзованинг маълум қилишича, олий таълимдан кейинги таълим тизимида квоталарнинг кенгайиши мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга илмий соҳаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
2025 йилнинг тўртинчи чораги ҳолатига кўра, олий таълимдан кейинги таълим тизимида жами 34149 нафар изланувчи таҳсил олмоқда. Шулардан 11877 нафари докторантурада (DSc — 722, PhD — 11155 нафар), 21919 нафари мустақил изланувчиликда (DSc — 3546, PhD — 18373 нафар), 353 нафари эса стажёр-тадқиқотчи сифатида илмий фаолият олиб бормоқда.

