Малайзия ҳукумати 2026 йилдан бошлаб 16 ёшдан кичик фойдаланувчилар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Малайзия бу қарор билан болаларни онлайн хавфлардан ҳимоя қилишни мақсад қилган бошқа давлатлар қаторига қўшилади.
Режалаштирилган чекловлар ҳақида 23 ноябрь куни мамлакат алоқа вазири Фаҳми Фазил маълум қилди.
«Келаси йилдан ижтимоий тармоқлар 16 ёшдан кичик фойдаланувчилар учун ҳисоб очишни тақиқлаш бўйича ҳукумат қарорига риоя қилади, деб умид қиламиз,» — деди Фаҳми Фазил.
Ҳукумат Австралия ва бошқа мамлакатларда ижтимоий тармоқларда ёш чекловларини жорий этиш механизмларини ўрганмоқда. Аввало, чекловлар ёшларни онлайн таҳдидлардан — қўрқитиш, молиявий фирибгарлик ва болаларга нисбатан зўравонлик кабилардан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳланмоқда.
Австралияда эса 2025 йил 10 декабрдан бошлаб, ижтимоий тармоқлардан 16 ёшгача бўлган ёшларнинг аккаунт яратишига йўл қўймаслик учун ёшга оид чекловлар жорий этишини маълум қилган. Бу вазиятни бутун дунёдаги регуляторлар диққат билан кузатмоқда.
Шунингдек, Франция, Испания, Италия, Дания ва Греция ёшни текшириш иловаси учун биргаликда тест ўтказмоқда.
Малайзия сўнгги йилларда зарарли контент, жумладан, онлайн қимор ўйинлари ва ирқ, дин ҳамда қироллик мавзуларига оид постлар кўпайгани сабабли ижтимоий тармоқларни янада қатъий назорат остига олмоқда. Эндиликда мамлакатда 8 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бўлган платформалар ва мессенжерлар янги қоидалар асосида лицензия олиши шарт.
