100 нафар иқтидорли мутахассисларга Халқаро туризм академияси ўқув дастурларида таълим олиш учун мақсадли грант ажратилади

100 нафар иқтидорли мутахассисларга Халқаро туризм академияси ўқув дастурларида таълим олиш учун мақсадли грант ажратилади

Президентнинг 2025 йил 20 ноябрдаги «Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ–350-сон қарори қабул қилинди.

 

Қарорга кўра, академия «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетининг ташкилий тузилмасига киради.

 

Академияда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалдаги таълим шаклларида ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширилади.

 

Қайта тайёрлаш ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга ва малака ошириш ўқув курсларини тўлиқ ўзлаштирган тингловчиларга сертификат берилади.

 

2025 йил 1 декабрдан бошлаб туризм соҳаси субъектлари мутахассислари ўз маблағлари ҳамда иш берувчи ва буюртмачи ташкилотларнинг маблағлари (бюджетдан ташқари маблағлар) ҳисобидан шартнома асосида қайта тайёрланади ва малакаси оширилади.

 

Шунингдек, Университет васийлик кенгаши Академиянинг тузилмасини, ходимларининг белгиланган чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида тасдиқлаш ҳамда унга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

 >

Академияда Туризм қўмитаси раиси билан келишилган ҳолда Университет ректори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Белгилаб қўйилганки, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб ҳар йили Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо давлатларнинг 100 нафар иқтидорли мутахассисларига Академиянинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларида таълим олиш учун мақсадли грант ажратилади.

 

Академияни сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш 2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражадаги бюджет маблағларининг таснифловчиси сифатида Туризм қўмитасига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларидан назарда тутилади.

 

Академия ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлови ҳамда моддий рағбатлантирилиши университет ходимлари учун белгиланган тартибда мувофиқ амалга оширилади.

 

Қарорга мувофиқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйидаги мақсадлар учун 50 миллиард сўмгача маблағлар Академияга ажратилишини таъминланади:

 

– туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида мутахассислар тайёрлаш бўйича дунёнинг энг нуфузли топ-10 рейтингига кирган таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш;

 

– туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида халқаро тан олинган етакчи хорижий ташкилотлар мутахассисларини жалб қилиш орқали Академиянинг профессор-ўқитувчилари ҳамда республикамиз туризм соҳаларида фаолият кўрсатиб келаётган меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги вакилларининг малакасини ошириш, илмий-услубий ёндашувларини яхшилаш ва қайта тайёрлаш;

 

– туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳалари учун юқори малакали мутахассислар тайёрловчи халқаро тан олинган таълим ташкилотларини жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш.

 

Шу жумладан, 2026 йил 1 январдан бошлаб «Бадиий галерея» ва «Лаборатория» ҳамда уларнинг фаолияти Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва университет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

 

Аввалроқ, дунёнинг энг нуфузли топ-10 рейтингига кирган таълим ташкилоти билан ҳамкорлик ўрнатиш ва мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш Академиянинг мақсадли кўрсаткичи этиб белгилангани ҳақида хабар берган эдик.