Туркиядаги университетда «Ўзбек тили ва маданияти маркази» очилди

Туркиядаги университетда «Ўзбек тили ва маданияти маркази» очилди

Жорий йилнинг 17–22 ноябрь кунлари Самарқанд давлат педагогика институти делегацияси Туркиянинг Орду ва Гиресун университетларида бўлиб, бир қатор илмий, маданий тадбирларда иштирок этди, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтариш бўйича муҳим келишувларга эришди. Бу ҳақда УзА хабар берди.

 

Самарқанд давлат педагогика институти ректорининг сўзига кўра, Туркиянинг Орду университети ва Гиресун университетлари билан таълим, илм-фан ва маданият йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинган.

 

«Туркияга бу галги сафаримиз ҳамкор олий таълим муассасалари билан алоқаларимизни янада кенгайтириш, амалдаги шартномалар ижросини жадаллаштиришга қаратилган эди. Жумладан, Гиресунда институтимиз талабалари учун таҳсил олиш квоталари ошириладиган бўлди», – деди Самарқанд давлат педагогика институти ректори, профессор Шаҳзода Негматова.

 

Таъкидланишича, ERASMUS+ дастури доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви йўлга қўйилади. Шунингдек, Орду университетида «Ўзбек тили ва маданияти маркази» очилади.

 

Ушбу марказ университетда таҳсил олаётган туриялик ва хорижлик талабалар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчиларга ўзбек тили ва адабиёти, маданият ва тарихни ўрганиш учун кенг имкониятлар яратиши кутилмоқда. Марказ очилиши муносабати билан бу ерда «Ўзбек маданияти ва миллий либослари» мавзусида конференция ўтказишга ҳам эришилган.

Telegram каналга қўшилиш