Қирғизистондаги университет доценти сохта ҳужжатлар орқали талабаларни oлийгоҳга ноқонуний қабул қилгани аниқланди

Қирғизистондаги университет доценти сохта ҳужжатлар орқали талабаларни oлийгоҳга ноқонуний қабул қилгани аниқланди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси олий таълим тизимида талабаларни ноқонуний ўтказиш билан боғлиқ коррупция ҳолатини аниқлади. Мазкур ҳолат И.Раззаков номидаги Қирғиз давлат техника университети билан боғлиқ бўлган.

 

Қўмита маълумотларига кўра, очилган жиноий иш доирасида мазкур университетнинг айрим ўқитувчилари талабаларга сохта академик маълумотномалар ва хорижий университетларнинг транскриптларини тайёрлаб берган.

 

Шу сохта ҳужжатлар асосида тахминан 200 нафар талаба ноқонуний равишда университетга қабул қилинган.

 

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида университет доценти Ш.А.А. мазкур ишда гумонланиб, қўлга олинган.

 

Ҳозирги вақтда оператив-тергов ҳаракатлари давом этмоқда, жиноятга алоқадор бошқа ўқитувчилар ва университет маъмурияти аъзолари аниқланмоқда.

 

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси коррупцияда иштирок этган барча шахслар мансабидан ёки ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида жавоб беришини таъкидлаган.