Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида гризли айиқ мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар гуруҳига ҳужум қилган. Ҳужум оқибатида 11 киши жароҳатланган ва улардан иккитаси оғир аҳволда. Бу ҳақда «The Guardian» нашри хабар берди.
Ҳодиса Ванкувердан шимол-шарқда жойлашган Белла Кула шаҳарчасида содир бўлган. Қутқарув хизмати маълумотига кўра, воқеа жойига иккита тез ёрдам машинаси ва вертолёт жалб этилган. Жароҳатланганларнинг ёши ҳақида маълумот берилмаган, аммо жароҳатлари жиддий экани айтилмоқда.
Маҳаллий аҳоли вакили Вероника Шунернинг айтишича, айиқ 4–5-синф ўқувчилари сайр қилиб юрган пайтда ҳужум қилган. Унинг ўғли ҳам гуруҳда бўлган, аммо омон қолган. Айрим кишилар ҳайвонни тўхтатишга уринган, ўқитувчилардан бири оғир жароҳат олган.
Ҳужумдан сўнг айиқ қочиб кетган. Расмийлар уни ҳали ҳам топилмаганини маълум қилди. Ҳодиса бўйича полиция ва табиатни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари ишлар олиб бормоқда. Аҳолига зарурат бўлмаса уйдан кўчага чиқмаслик тавсия этилган. Жабрланган ўқувчилар ўқиган мактаб вақтинча ёпилган.
Провинцияда гризли айиқ ҳужумлари кам учрайди, аммо сўнгги ойлар ичида бир нечта ҳужумлар содир бўлган. Сентябрдан бери учта ҳужум қайд этилган, улардан бири ўлим билан якунланган.
