Савол: Кузги аттестация тестларида мутахассис сифатида қатнашиб, 86 ва ундан юқори натижа қайд этган педагогларга ҳам 70 фоиз устама тўланадими?
Жавоб: Педагогларни аттестациядан ўтказиш, касбий сертификатлаш ва рағбатлантириш тизимига Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Жумладан:
– педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва малака тоифалари бериш тизими халқаро эътироф этилган ваколатли хорижий ташкилотларнинг аккредитациясидан ўтказилгандан сўнг аттестацияда иштирок этиб, 86 ва ундан юқори балл олган педагогларнинг базавий тариф ставкаларига қўшимча 70 фоиз устама белгиланди.
Бунда қўшимча устама фақат малака синовида (иккала босқичда) иштирок этиб, олий ва биринчи малака тоифасига эришган (ёки сақлаган) педагогларга берилади. Белгиланган даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлганлиги сабабли навбатдаги мажбурий аттестацияда мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини аниқлаш ҳамда ўқув фани бўйича малака синовидан берилган максимал балл эътиборга олинмайди.
Ушбу педагоглар ҳамда мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган малака тоифасига эга педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиш орқали устамага эга бўлишлари мумкин.
Устаманинг амал қилиш муддати икки йил бўлиб, муддат якунлангандан сўнг устама учун синовларда қайта иштирок этиш мумкин.
Эслатма! Баҳорги аттестацияда 86 баллик натижа билан малака сертификатини олган, олий ҳамда биринчи малака тоифасига эга бўлган жами 4 198 нафар педагогларга сертификат олинган кундан бошлаб 70 фоизлик устамалар тўлаб берилмоқда.
