Марказий Осиё давлатлари олий таълим дипломларини ўзаро тан олиниши ҳақидаги хабарларни БМБА рад этди

Марказий Осиё давлатлари олий таълим дипломларини ўзаро тан олиниши ҳақидаги хабарларни БМБА рад этди

Эндиликда Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари томонидан берилган таълим тўғрисидаги дипломлари ушбу давлатлар ҳудудида тўғридан-тўғри тан олиниши ҳақида хабарлар тарқалди.

 

Ушбу ҳолат юзасидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги расмий муносабат билдирди.

 

«Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатларда берилган дипломларни тан олиш Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сон қарори билан тасдиқланган «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақида»ги Низом талаблари асосида амалга оширилади. Мазкур Низом билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўғридан тўғри тан олинадиган хорижий давлатлар томонидан берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатлар тоифалари белгиланган.

 

Таъкидлаш керакки, юқорида келтирилган маълумотлар асоссиз бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон дипломларини ўзаро тан олиш бўйича халқаро шартнома мавжуд эмас. Мазкур давлатларда хорижий давлатлар томонидан берилган таълим олганлик ҳақидаги дипломларни тан олиш уларнинг миллий қонунчилигида белгиланган талаблар асосида амалга оширилади», дейилади хабарда.